Эронни вақтинча уч кишидан иборат кенгаш бошқаради

01.03.2026 | 16:322 daqiqa

Эрон олий раҳбари Али Хоманаий АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлди. Унинг ўрнига янги раҳбар сайлангунга қадар мамлакатни вақтинча кенгаш бошқаради.

Эронни вақтинча уч кишидан иборат кенгаш бошқаради

Бугун, 1 март куни мамлакатни бошқариш учун уч кишидан иборат вақтинча бошқарув кенгаши тузилди. Бу ҳақда Эрон давлат ОАВлари хабар берди.

Кенгаш таркибига қуйидагилар киради:

президент Масъуд Пезешкиён,

суд ҳокимияти раҳбари Ғуломҳусайн Муҳсини Эжайи

ҳамда Конституцияни муҳофаза қилиш кенгаши аъзоси оятуллоҳ Али Ризо Арафи.

67 ёшли Алиризо Арафийга вақтинча Олий раҳбар вазифасини бажариш юклатилди. Арафий — давлат идораларида катта тажрибага эга руҳоний, Али Хоманаийнинг ишончли вакили ҳисобланади. У Экспертлар ассамблеяси раисининг ўринбосари, Посбонлар кенгаши аъзоси ҳамда диний таълим тизими раҳбари сифатида фаолият юритган.

Ушбу учлик ҳозиргача мамлакатни бошқариб келган Хоманаийнинг ваколатларини вақтинча ўз зиммасига олади. Янги олий раҳбарни эса 88 нафар нуфузли уламодан иборат Экпертлар кенгаши сайлаши керак. Эрон қонунчилигига кўра, мазкур орган янги раҳбарни имкони борича тезроқ сайлаши шарт. Ҳозирча Хоманаийнинг эҳтимолий вориси ким бўлиши номаълум.

Эрон давлат телевидениеси маълум қилишича, Хоманаий 28 феврал куни кенг кўламли АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлган. Унинг вафоти муносабати билан ҳукумат 40 кунлик умуммиллий мотам эълон қилди ва аҳолига етти кунлик дам олиш кунлари берди.

Трампнинг таҳдидлари

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон АҚШ–Исроил зарбаларига жавоб берса, мамлакатга «мисли кўрилмаган куч» билан зарба берилишидан огоҳлантирди.

«Яхшиси, улар бундай қилмасин. Агар қилса, биз уларга дунё ҳали кўрмаган куч билан зарба берамиз!» – деб ёзди у «Truth Social» платформасида.

Маълумотларга кўра, Эрон жавоб зарбаларини амалга ошириб, Форс кўрфазидаги бир қатор нишонларга, жумладан Абу Даби шаҳрига ва минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум қилган. Трамп бомбардимонлар «қанча керак бўлса, шунча давом этади» деб баёнот берди ҳамда Хоманаийнинг ўлими эронликлар учун ҳокимиятни амалдаги режимдан олиш учун «энг катта имконият» эканини айтди.

Ҳокимиятга даъвогар

Эроннинг сўнгги шоҳининг ўғли ва муҳожирликдаги эрон мухолифати етакчиларидан бири Ризо Паҳлавий мамлакат раҳбарлигига даъвосини яна бир бор билдирди. У 1 март куни «The Washington Post» газетасида чоп этилган мақоласида шундай ёзди:

«Кўплаб эронликлар, ҳатто ҳаётини хавф остига қўйиб, мени ўтиш даврига раҳбарлик қилишга чақирди. Мен уларнинг жасорати олдида таъзим қиламан ва бу чақириқни қабул қилдим».

Унинг таъкидлашича, кейинги йўл шаффоф бўлади: референдум орқали қабул қилинган янги конституция ва шундан сўнг халқаро кузатув остида эркин сайловлар ўтказилади.

«Эронликлар овоз бергандан сўнг, ўтиш даври ҳукумати тарқатилади», – деб ёзган у.

Паҳлавий Эрон Ироқ уруши ортидан содир бўлган «хатоларни» такрорламаслигини таъкидлаб, «институтлар тарқатилмайди, ҳокимият бўшлиғи юзага келмайди, бетартиблик бўлмайди», дея ваъда берди.

Teglar

Mavzuga oid