Эртага Сенат Олий суд раисини алмаштиради — манба
Vaqt.uz’нинг суд-ҳуқуқ тизимидаги манбаларига кўра, Сенатнинг эртанги мажлисида Олий суд раиси Бахтиёр Исломов лавозимидан озод этилади.
© Oliy sudОлий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисини чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Унда ташкилий масала кўрилиб, Олий суд раиси Бахтиёр Исломов лавозимидан озод қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Vaqt.uz манбаси маълум қилди.
Унга кўра, Бахтиёр Исломовнинг ишдан олиниши аввалроқ маълум бўлиб улгурган бўлган. «Ишдан олиш ва тайинлов Сенатнинг эртанги йиғилишида расман рўй беради. Унинг (Исломовнинг) ишдан кетишини Президент Шавкат Мирзиёев танишган судларда комплаенс-назорат тизими самарадорлигини оширишга оид тақдимот жараёнида кўриниш бермаганидан ҳам билиш мумкин эди», деди манба.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 10 августда Президент Шавкат Мирзиёев ўз маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов номзодини Олий суд раиси лавозимига кўрсатиб, Сенатга тақдимнома киритган эди.
Бахтиёр Исломов муқаддам Фарғона ва Тошкент вилоятларида судьялик қилган, 2020 йил ноябригача жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси бўлган. У 2020 йил ноябрида Президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергеновнинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. Орадан бир йил ўтиб, Рустам Иноятов ўрнига Президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида иш бошлаганди.