
Фанлар академияси олимлари хавфсиз графенли сув филтрини яратди
Янги биомос материал асосида ишлаб чиқилган лаборатория қурилмаси сувни юқори самара билан тозалаш имконини бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Материалшунослик институти олимлари биологик усулда олинган кўп қатламли графенни яратиб, уни сув тозалаш соҳасида қўллашга муваффақ бўлди. Ушбу ишланма мамлакатда илмий тадқиқотларнинг амалий самарага йўналтирилаётганини кўрсатади.

Яратилган материал асосида WATER-TOL номли филтр-пресс қурилмасининг лаборатория намунаси ишлаб чиқилди. Қурилма сув таркибидаги зарарли қўшимчаларни юқори даражада ушлаб қолишиб, маиший ва саноат эҳтиёжлари учун қўллаш имкониятига эга.
Сўнгги йилларда графен ва бошқа углерод асосидаги материаллар илмий жамоатчилик диққат марказида бўлиб келмоқда. Бироқ уларнинг аксарияти заҳарли кимёвий моддалар иштирокида олиниши сабабли тиббиёт ва экологияда қўлланилиши чекланган эди.
Фанлар академияси олимлари томонидан яратилган кўп қатламли графен эса бу жиҳатдан мутлақо хавфсиз ҳисобланади. У инсон организми учун зарарсиз бўлган нанокарбон материал бўлиб, олиб борилган илмий тадқиқотлар натижаларига кўра:
Инсон тўқималарига салбий таъсир кўрсатмайди;
Яраларнинг тез битишига ёрдам беради, жумладан, диабет сабабли узоқ вақт битмайдиган яраларнинг қисқа муддатда тузалиши қайд этилган;
Бактериялар, вируслар ва замбуруғларга қарши фаол таъсирга эга;
Ҳужайра ва тўқималарнинг тикланиш жараёнини рағбатлантиради.
Мутахассислар кўп қатламли графенни биомос янги авлод материали сифатида баҳоламоқда. У тиббиёт, фармацевтика ва саноат билан бир қаторда, экологик муаммоларни ҳал этишда, хусусан, сув ва ҳавони тозалаш ҳамда заҳарли моддаларни ютиб олишда катта салоҳиятга эга.





