«Фарғонада сув таъминоти» ходимини калтаклаган фуқарога жиноий иш очилди
Фуқаро инспекторни ёғоч бўлаги билан бош қисмига уриб, унга тан жароҳати етказган.
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида хизмат вазифасини бажараётган «Фарғона сув таъминоти» МЧЖнинг туман филиали инспектори калтакланди. Ҳолат бўйича жиноий иш очилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 9-март куни «Фарғона сув таъминоти» МЧЖнинг Ўзбекистон тумани филиали инспектори Д.С. тумандаги Сочтепа кўчасида жойлашган хонадонлардан бирига борган. Ушбу хонадонда сув таъминоти ҳолатини ўрганиш давомида рўйхатдан ўтказилмаган ҳисоблагич мавжудлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жарима қўлланилиши ҳақида маълум қилинган вақтда ушбу хонадонда яшовчи фуқаро Фазлиддин Пардаев хизмат вазифасини бажараётган инспектор Д.С.га қаршилик қилиб, жанжаллашган. Жанжал давомида Ф.Пардаев ўша ерда бўлган ёғоч бўлаги билан инспектор Д.С.нинг бош қисмига уриб, унга тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи Ф.Пардаев процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





