Фарғонадаги боғчаларда болалар оммавий заҳарланди
Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси 62 нафар бола ўткир диарея билан шифохонага ётқизилганини тасдиқлади.

Фарғона шаҳридаги қатор давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида оммавий заҳарланиш аломатлари қайд этилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, 21 феврал куни соат 19:00 дан бошлаб 2-, 58- ва 61-сонли боғчалар болалари тана ҳарорати кўтарилиши, қорин оғриғи, кўнгил айниши ва ич кетиши белгилари билан Юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган. Ҳозирда 62 нафар бола стационар шароитда даволанмоқда, уларга «ўткир диарея, алиментар этиологияли» ташхиси қўйилган, аҳволи барқарор деб баҳоланган.
«Kun.uz» хабарига кўра, 20 феврал куни 61-, 58-, 22- ва 2-сонли ДМТТ тарбияланувчилари орасида иситма, қайт қилиш ва ич кетиш ҳолатлари кузатилган. Ота-оналар фарзандлари уйга келгач тоби қочганини, поликлиникалар ва шифохоналарда бошқа боғчалардан ҳам келтирилган бемор болалар кўп бўлганини айтмоқда. Айрим мурожаатчилар гўштли таомдан заҳарланиш эҳтимолини илгари сурган.
Болалар гўштдан заҳарланган бўлиши мумкин
«2019-йилда туғилган ўғлим Фарғона шаҳридаги 2-давлат боғчасида тарбияланади. 20-феврал куни уйга келганидан кейин иситмалаб, ичи кетди. Поликлиникага олиб бордик. Кўрдикки, у ерда бошқа боғчалардан касалланиб келган болалар кўп эди. Суриштирсак, шаҳарнинг бошқа боғчаларидан ҳам болалар олиб келинган экан. Ўғлим ҳозирда Фарғона шаҳридаги болалар касалхонасида даволаняпти. Шифохоналар касалланган болаларга тўлиб кетган. Қувасой шаҳрида овқат тайёрланиб, Фарғона шаҳридаги болалар боғчаларига тарқатилади, гумонимиз – болалар овқатдан заҳарланган бўлиши мумкин», деган мурожаатчи оналардан бири.
«Болам 58-боғчага боради. 20 феврал куни уйга тоби қочган ҳолда қайтди. Боғча опаси ҳам гуруҳга ёзди, болаларга эҳтиёт бўлинглар, суюқлик беринг, овқатдан заҳарланиш бўлди, деб. Боламни касалхонага ётқиздик. Гўштдан заҳарланибди дейишяпти», дейди шахси сир қолишини истаган яна бир фуқаро.
Овқат етказувчи корхона
«Garden catering Trade» МЧЖ қўшма корхонасининг ДМТТлар учун бир кунлик тайёр иссиқ овқат жадвалига кўра, 20 феврал кунига нонуштада гречка, сутли чой, сарёғ ва нон; тушликда борш, тефтел, хонаки картошка, сабзи ва олмали салат, нон ва қуруқ мевали компот; 2-тушликда майизли кекс ва чой; кечки овқатга картошка пюре, чой ва нон кўзда тутилган.
2024 йил 25 июлда вилоят ҳокими боғчаларда соғлом овқатланишни ташкил этиш бўйича қарор қабул қилган. Ҳужжатга кўра, шу йили 1 августдан бошлаб Қувасой шаҳридаги давлат боғчаларида 5 ой муддатга кейтеринг тизими жорий этилиши, таомларни тайёрлаш ва етказиш билан эса Қувасойдаги «Garden catering» қўшма корхонаси шуғулланиши бўйича таклифлар маъқулланган. Шунингдек, мазкур тажриба-синов натижалари ижобий бўлса, йил якунига қадар ушбу тизим Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида ҳам ташкил этилиши белгиланган. Вилоят ҳокимлиги бу тажриба Ўзбекистонда биринчи марта синов тариқасида амалга оширалаётганини қайд этган.
Рақобат қўмитаси ушбу корхонага оид қарорини бекор қилишни талаб қилган
Кейинроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги «Garden catering» корхонаси фаолиятини ўрганиб, хизматларида бир қанча талабларга риоя қилинмагани, хусусан, таомларнинг рецептура тўплами, таркибий қисми ҳамда энергетик қиймати СанҚваМ 0016-21 талаблари асосида ишлаб чиқилмагани, тарбияланувчиларга етказиб бериладиган таомларни ташиш, сақлаш ва истеъмолга берилишига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари бўйича тизимли ишлар белгилаб олинмаганини аниқлаган. Рақобат қўмитаси Фарғона вилояти ҳокимидан Қувасойдаги кейтеринг корхонасига оид қарорини бекор қилишни талаб қилган.
Ҳозирда санитария-эпидемиологик хизмат мутахассислари боғчалар ва овқат етказиб берувчи корхонада текширув ўтказиб, таомлардан лаборатория намуналарини олган. Натижалар қўшимча равишда эълон қилиниши кутилмоқда.





