Logo

Фуқароларга ҳоким қарорлари устидан бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилиши мумкин

Президентга қилинган тақдимотга кўра, судга мурожаат қилиш учун белгиланган 6 ойлик муддат қайта кўриб чиқилиб, 4 хил даъво шакли жорий этилади.

Фуқароларга ҳоким қарорлари устидан бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилиши мумкин © crypto.runfyers.com

Ўзбекистонда фуқароларга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари устидан бевосита маъмурий судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, судга мурожаат қилишнинг тўрт турдаги даъво шакли жорий этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга маъмурий одил судловни янги босқичга олиб чиқиш истиқболларига бағишланган тақдимот давомида маълум қилинди.

«Янги ёндашувлар, энг аввало, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини амалда тиклаш, давлат органлари фаолияти устидан суд назоратини кучайтириш ҳамда маъмурий судларнинг ваколатларини кенгайтиришга қаратилган», — дейилади хабарда.

Тақдим этилган таклифларга кўра, судга мурожаат қилиш учун белгиланган амалдаги олти ойлик муддат қайта кўриб чиқилади. Эндиликда фуқароларга давлат органи томонидан қонунбузилиш ҳолати содир этилганлигини тан олиш юзасидан судга муддатсиз мурожаат қилиш имкониятини яратиш таклиф этилди. Ҳозирги тартибга кўра, фуқаролар ва тадбиркорлар ўзларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун маъмурий судларга фақат битта шаклда мурожаат қилиш имконига эга бўлса, янги ислоҳотлар натижасида ҳуқуқ бузилишидан олдин унинг ҳимоясини проактив тарзда таъминлаш шароити яратилади.

Суд қарорларини ижро этмаган мансабдорлар устидан прокуратурага хабар берилади

Суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлашга қаратилган таъсирчан чоралар ҳам назарда тутилмоқда. Унга кўра, давлат органининг мансабдор шахсига суд қарорини ижро этмагани учун жарима қўлланилганларидан кейин ҳам қарор такроран ижро этилмаса, суд қонуний чора кўриш учун прокурорга хабар беради.

Бундан ташқари, маъмурий судларнинг ваколатлари янада кенгайтирилиб, уларга фуқаролар ва тадбиркорларга таъсир чораларини қўллашда давлат органлари дискрецион ваколатлардан қонуний ва асосли фойдаланганини текшириш вазифаси юкланади. Таъкидланишича, бу Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасида белгиланган мутаносиблик принципининг амалда тўлақонли ишлашини таъминлашга хизмат қилади.

Давлат раҳбари соҳани ривожлантиришнинг навбатдаги босқичида жорий этилиши кутилаётган 15 га яқин янги ҳуқуқий институтлар инсон ҳуқуқлари қўпол бузилган ҳолларда уларни суд орқали самарали тиклаш ва давлат идоралари масъулиятини оширишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлаб, билдирилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаган.

Teglar