
«Газпром»нинг Европадаги даври якунланмоқда: Болқондаги сўнгги бозор АҚШ газига ўтади
АҚШ компанияси лойиҳаси Босния ва Ҳерцеговинани Россия газига тўлиқ қарамликдан чиқариши мумкин, «Газпром» эса Европадаги сўнгги бозорини йўқотиш арафасида.

Украина Ташқи разведка хизмати маълум қилишича, Европа энергетик харитасида стратегик силжиш юз бермоқда. Россиянинг газ монополисти «Газпром» Болқон ярим оролидаги сўнгги тўлиқ назорат қилиб келган бозори — Босния ва Ҳерцеговинани йўқотишга тайёрланмоқда.
Босния ва Ҳерцеговина ҳукумати АҚШнинг «AAFS Infrastructure and Energy» компаниясидан расмий ниятлар хати қабул қилди. «Southern Interconnection» деб номланган ушбу лойиҳа мамлакатнинг газ таъминоти тизимини тубдан ўзгартиришни кўзда тутади.
Айни пайтда Босния ва Ҳерцеговина газни фақат «Турк оқими» орқали олади ва тўлиқ Россия таъминотига боғлиқ. Янги қувур эса мамлакатни Хорватиядаги Крк оролида жойлашган суюлтирилган табиий газ (LNG) терминали билан боғлаб, газни дунёнинг исталган нуқтасидан сотиб олиш имконини беради.
АҚШ қувури лойиҳаси
«Southern Interconnection» қурилиши 2026 йилга режалаштирилган бўлиб, умумий қиймати тахминан 200 млн долларни ташкил этади. Лойиҳа фақат газ қувури билан чекланмайди: АҚШ компанияси газ электр станцияси қуриш, Сараево ва Мостар аэропортларини модернизация қилиш ҳамда ички газ тармоқларини кенгайтиришни ҳам таклиф қилмоқда.
Бу ташаббус Болқонда энергия манбалари диверсификациясини таъминлаб, «Газпром»нинг минтақадаги монопол мавқеини амалда йўққа чиқаради. Шу билан бирга, Босния ва Ҳерцеговина учун энергетик хавфсизлик ва нархлар бўйича музокараларда янги имкониятлар яратади.
«Газпром»нинг шошилинч чекиниши
Еврокомиссия ва разведка маълумотларига кўра, Россия газининг Европа бозоридаги улуши рекорд суръатда қисқармоқда. 2021 йилда Россия Евроиттифоқ эҳтиёжининг 45 фоизини (157 млрд куб метр) таъминлаган бўлса, 2025 йил охирига келиб бу кўрсаткич 13 фоизга (18 млрд куб метр) тушиб кетди.
Украина орқали транзит 2025 йил 1 январдан бутунлай тўхтатилди. «Шимолий оқим» ва «Ямал—Европа» қувурлари эса 2022 йилдаёқ ишдан чиққан эди. Натижада, Россия ҳар йили 90 млрд куб метрдан ортиқ газ экспорт қилиш имкониятидан маҳрум бўлди.
2026 йил 3 февралдан кучга кирган қарорга мувофиқ, Европа Иттифоқи 2027 йилгача Россия газидан тўлиқ воз кечишни юридик мажбурият сифатида белгилаб қўйди. Болқондаги ушбу лойиҳа мазкур стратегиянинг амалий ифодаси сифатида қаралмоқда.





