add

Греция танкер компаниялари Россия нефтни ташишдан воз кечмоқда

27.10.2025 | 16:152682

АҚШ президенти Доналд Трамп жорий этган янги санкциялар Россия нефт экспортига жиддий зарба берди. Грецияга тегишли йирик танкер компаниялари Россия билан ҳамкорликни тўхтатмоқда.

Греция танкер компаниялари Россия нефтни ташишдан воз кечмоқда

АҚШнинг «Роснефт» ва «Лукойл» компанияларига қарши санкциялари Россия нефт экспортига таъсир эта бошлади. The Moscow Times хабарига кўра, Греция танкер операторлари Россия нефтни ташишдан воз кечмоқда.

Брукингс институти маълумотларига кўра, Греция компаниялари Россиядан экспорт қилинаётган нефтнинг учдан бир қисмини ташиб келган. Reuters манбаларига кўра, октябр ойи охирида уларнинг иштирок даражаси кескин камайган. Илгари бу компаниялар ҳар ой Россия портларидан 10–20 млн баррел нефт олиб чиқарган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич минимал даражага тушган.

Манбаларнинг таъкидлашича, ҳозир Urals маркасини асосан «хуфиёна флоти» деб аталувчи норасмий танкерлар ташимоқда. Санкциялар кучайганидан сўнг фрахт нархлари ҳам сезиларли ошган — Приморск ёки Уст-Луга портларидан Ҳиндистонга етказиб бериш учун нархлар 8 млн доллардан ошиб, айрим ҳолларда 10 млн долларга етган.

Трамп ўтган ҳафта Россиянинг икки йирик компанияси — «Роснефт» ва «Лукойл»га блокловчи санкциялар жорий этган эди. Улар мамлакатдаги умумий нефт қазиб чиқаришнинг ярмини ташкил этади ва экспортнинг ҳар иккинчи баррели улар ҳиссасига тўғри келади.

Шу билан бир вақтда, Европа Иттифоқи Россияга қарши жорий этилган санкцияларнинг 19-пакети доирасида «хуфиёна флоти»га тегишли яна 117 танкерни «қора рўйхат»га тиркади. Ҳозир умумий ҳисобда 558 та шундай кема санкция остида.

Финландиядаги CREA маркази маълумотларига кўра, бу флот Россия нефт экспортининг тахминан ярмини ташийди, қолган қисми эса G7 давлатларига тегишли ёки ғарб суғуртасига эга компаниялар томонидан амалга оширилади.

Теглар

Мавзуга оид