Ҳарбий ва махсус юклар транзити учун рухсат муддати қисқартирилди
Махсус юклар ва ҳарбий таркиблар транзитига рухсатнома бериш қарорини қабул қилиш муддати 20 кундан ошмаслиги белгиланди.

Ўзбекистонда махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити бўйича қарор қабул қилиш тартиби янгича белгилаб берилди. Бу ҳақда 2025 йил 23 октябрда қабул қилинган «Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги O‘RQ–1090-сонли Қонунда баён этилган.
Янги нормаларга кўра, транзит рухсатномасини бериш ёки уни рад этиш ҳақидаги қарор ариза келиб тушган кундан бошлаб йигирма календар куни ичида қабул қилиниши шарт. Аввалги амалиётда бу муддат анча узоқ бўлган, бу эса халқаро транзит жараёнларини секинлаштираётган эди.
Қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш ёки текшириш зарур бўлган ҳолларда мазкур муддат ўн кунгача узайтирилиши мумкин. Бу ўзгаришлар, биринчи навбатда, махсус юклар ва ҳарбий таркиблар ҳаракатини тезлаштириш ҳамда логистикадаги бюрократик тўсиқларни қисқартиришни мақсад қилади.
Қонунда шунингдек, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун фаолият юритувчи кучлар таркиби аниқ белгилаб берилди. Уларга махсус ваколатли давлат органларининг ҳарбий ва ихтисослаштирилган ёнғин-қутқарув бўлинмалари, Фавқулодда вазиятлар давлат тизимига кирувчи ижро ҳокимияти органлари ҳамда бошқа тегишли тузилмалар киради.
Қонуннинг асосий мақсади – стратегик юклар транзитини хавфсиз ва самарали йўл билан ташкил этиш, аҳоли ҳамда ҳудудларни фавқулодда ҳолатлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашдан иборат.
Ушбу Қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.





