Ҳокимлар Лондонга малака ошириш учун юборилади

20.02.2026 | 17:402 daqiqa

Ўзбекистон ҳокимлари буюк Британия пойтахтида давлат хизмати бўйича малака ошириш курсларида иштирок этади.

Ҳокимлар Лондонга малака ошириш учун юборилади © Фото: Dunyo.info

Ўзбекистон шаҳар ва туман ҳокимлари учун Лондонда қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилади. Бу ташаббус давлат бошқарувида халқаро илғор тажрибани жорий этиш ва маҳаллий бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган.

«Дунё» ахборот агентлиги маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усманов ҳамда «Civil Service College» нодавлат таълим муассасаси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда давлат хизмати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни миллий амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Қўшма таълим дастурлари

Британия томонига Ўзбекистонда давлат хизматини ривожлантириш, истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш ва уларнинг мунтазам касбий ўсишини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Томонлар қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, тренинглар ташкил этиш, шунингдек, онлайн ва гибрид ўқув платформаларини яратиш имкониятларини кўриб чиқди.

Музокараларда экспертлар алмашинуви ва қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Учинчи томон сифатида бошқарув жараёнларини рақамлаштириш ва самарали менежмент моделларини жорий этиш йўналишлари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида шаҳар ва туман ҳокимлари учун қисқа муддатли малака ошириш курсларини йўлга қўйиш, давлат хизмати соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Маълумот учун, Civil Service College 1970 йилда Британия ҳукумати ҳузурида миллий мактаб сифатида ташкил этилган. 2012 йилдан буён у мустақил таълим маркази сифатида фаолият юритиб, давлат хизматчилари тайёрлаш ва қайта тайёрлашга ихтисослашган.

Teglar

Mavzuga oid