Logo

Ҳокимликлар ободонлаштириш ходимларини аномал иссиқда ишлатмаслик бўйича огоҳлантирилди

Давлат меҳнат инспекцияси соат 10:00–17:00 оралиғида юқори ҳарорат таъсирида ходимлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган ишларни вақтинча тўхтатиш ҳамда мослашувчан иш режимини белгилаш лозимлигини билдирди.

Ҳокимликлар ободонлаштириш ходимларини аномал иссиқда ишлатмаслик бўйича огоҳлантирилди © Toshkent shahar hokimligi

Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида кузатилаётган аномал иссиқда очиқ ҳавода меҳнат қилаётган ободонлаштириш ходимларининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан барча ҳокимликларга тегишли кўрсатма юборилди. Бу ҳақда инспекция матбуот хизмати хабар берди.

Унда айтилишича, соат 10:00–17:00 оралиғида юқори ҳарорат таъсирида ходимлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган ишларни вақтинча тўхтатиш ҳамда мослашувчан иш режимини белгилаш лозим. Шунингдек, ходимлар етарли миқдорда сифатли ичимлик суви билан таъминланиши керак.

Шу билан бирга, қуёш нурлари ва юқори ҳарорат таъсиридан ҳимояланган дам олиш жойларини ташкил этиш лозимлиги, мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёки тиббий хулосага кўра ишга яроқсиз деб топилган шахсларни ишга қўймаслик сўралди. Бундан ташқари, иш берувчиларга ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш ҳамда меҳнат ва дам олиш режимини иссиқ об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш топширилди.

Шунингдек, юқори ҳарорат таъсирида соғлиғи ёмонлашган ходимга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш зарурлиги таъкидланди. Давлат меҳнат инспекциясининг маълум қилишича, мазкур кўрсатма талабларининг бажарилиши инспекция томонидан назорат қилиб борилади.

«Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бузган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади», — дейилган инспекция огоҳлантиришида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат меҳнат инспекцияси қандай ҳолатлар ходимнинг аномал иссиқда ўз ишини тўхтатиш учун автоматик асос ҳисобланишини эслатганди.

Teglar

Mavzuga oid