HUMO тўлов тизими раҳбариятида янги тайинлов амалга оширилди
Александр Евгеневич Сотников HUMO тўлов тизими бошқарув раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
© officelife.mediaАлександр Сотников HUMO тўлов тизими бошқарув раисига ўринбосар этиб тайинланди. Бу ҳақда тегишли қарор 18 май куни HUMO кузатув кенгаши томонидан қабул қилинган.
Сотников фаолияти давомида Беларуснинг йирик молиявий ва тўлов ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Хусусан, 2013–2015 йилларда «БЕЛКАРТ» миллий тўлов тизими директори сифатида фаолият юритган. Мазкур тизим Беларусдаги асосий миллий карта тўлов платформаларидан бири саналади.
2015–2017 йилларда у Беларус Миллий банкида тўлов тизимлари ва рақамли технологиялар бўйича бош бошқарма раҳбари лавозимида ишлаган. Бу даврда мамлакатда рақамли молиявий инфратузилмани ривожлантириш ва электрон тўлов хизматларини кенгайтириш лойиҳаларида иштирок этган.
Шунингдек, Сотников 2017 йилда «Белагропромбанк»да ижрочи директор бўлиб ишлаган, кейинчалик эса 2021 йилгача банк бошқарув раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
2021 йил май ойидан бошлаб у Беларусдаги «Банк процессинг маркази» ОАЖга раҳбарлик қилиб келаётган эди. Ушбу марказ мамлакатдаги банк карталари бўйича процессинг хизматлари ҳамда «БЕЛКАРТ» миллий тўлов тизими инфратузилмасини бошқаради.
Сотниковнинг HUMO'га келиши Ўзбекистонда рақамли тўловлар бозори ва миллий тўлов инфратузилмасини ривожлантириш жараёнлари фонида муҳим кадрлар ўзгариши сифатида баҳоланмоқда.





