Ички ишлар органлари ходимлари учун ўқув курслари бошланди
Уч кунлик машғулотлар ходимларнинг аҳоли билан самарали мулоқот қилиш, мурожаатларни тизимли ҳал этиш, шунингдек касбий ва психологик тайёргарлигини оширишга қаратилган.
© Uza.uzПрезидент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 13-март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси доирасида Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида ички ишлар органлари ходимлари учун махсус ўқув курслари бошланди.
Уч кунлик машғулот ички ишлар органлари ходимларининг аҳоли билан самарали мулоқот қилиш, фуқаролар мурожаатларини тизимли ва манзилли ҳал этиш, шунингдек, уларнинг касбий компетенциялари ҳамда психологик тайёргарлигини оширишга қаратилган муҳим ташаббус сифатида йўлга қўйилган.
Курс дастурига кўра, тингловчилар аҳоли муаммоларини чуқур таҳлил қилиш, уларга манзилли ечим топиш, фуқаролар билан мулоқотда замонавий ёндашувларни қўллаш бўйича назарий билимини мустаҳкамлаб, амалий кўникмани ривожлантиради.
Шу билан бирга, машғулотлар жараёнида давлат хизматчилари одоб-ахлоқи, хизмат интизоми, аҳоли билан ишлашнинг илғор усулларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
«Мазкур ўқув-тренинг машғулотлари давомида халқаро тажрибаларга асосланган ҳамда миллий уйғунликдаги махсус ўқув дастури ишлаб чиқилди. Асосий мақсад – коррупцияга тоқатсиз ҳамда фуқароларнинг дардини тинглай оладиган, мурожаатларни янги тартибда ҳал қиладиган, ҳар бир масалани бевосита ўзига дахлдор, яъни шахсий бир мурожаат сифатида қабул қиладиган ходимларни тайёрлашга қаратилган», - дейди академия проректори Носиржон Асқаров.
Шунингдек, ўқув дастури доирасида тергов ва суриштирув жараёнларида қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш механизмлари, коррупцияга қарши курашишнинг замонавий ёндашувлари каби долзарб мавзулар қамраб олинади.
Бу иштирокчиларнинг нафақат касбий, балки маънавий-маърифий салоҳиятини ҳам юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Ўқув курси машғулотларига Президент Администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адвокатлар палатаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази вакиллари, шунингдек, малакали профессор-ўқитувчилар, олимлар ва экспертлар жалб этилган.
Иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари дастлаб кириш тестлари орқали баҳоланиб, натижаларга кўра гуруҳларга ажратилган ҳамда ҳар бир тингловчи билан индивидуал ёндашув асосида иш олиб бориляпти.
Амалий машғулотларда реал кейслар, симуляцион вазиятлар орқали қарор қабул қилиш, стрессга чидамлилик, хизмат самарадорлигини ошириш каби муҳим кўникмалар шакллантирилади.
Умуман олганда, мазкур махсус курс ички ишлар органлари ходимлари касбий маҳоратини ошириш, уларнинг аҳоли билан мулоқот маданиятини юксалтириш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини таъминлаш орқали жойларда фуқаролар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.





