
Илон Маск «Ryanair»ни сотиб олишни муҳокамага қўйди
Илон Маск «Ryanair» авиакомпаниясини сотиб олиш эҳтимоли ҳақида очиқ ишора қилди ва ижтимоий тармоқда сўровнома ўтказиб, фойдаланувчилар фикрини синаб кўрди.

Америкалик тадбиркор, дунёнинг энг бой инсони Илон Маск ижтимоий тармоқдаги навбатдаги ҳазиломуз, аммо резонансли чиқиши билан Европа авиация бозорига эътибор қаратди. Маск Ирландиянинг «Ryanair» лоукостерга тўғридан тўғри мурожаат қилиб, компанияни харид нархи қанча туришини сўради.
Ҳаммаси «Ryanair»нинг Х ижтимоий тармоғидаги пости билан бошланди. Авиакомпания «New York Post»нинг «Х» платформасидаги техник носозликлар ҳақидаги хабарига муносабат билдириб, Маскка «Эҳтимол, сизга Wi-Fi керакдир?» деган кинояли савол йўллади. Бу эса тадбиркорнинг жавобини узоқ куттирмади: «Сизни сотиб олиш қанча туради?»
Шундан сўнг Маск яна бир шов-шувли ғояни илгари сурди — «Ryanair» раҳбариятига «ҳақиқий Райан»ни қўйиш таклифини билдирди. Бу фикр компания номига ишора қилган киноя сифатида қабул қилинди ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Маск шу заҳоти «Х» платформасида овоз бериш ҳам бошлади. Қисқа вақт ичида қарийб 38 минг нафар фойдаланувчи иштирок этган сўровда қатнашчиларнинг 82 фоизи «Ryanair»ни Маск сотиб олиши ва «Райаннинг қонуний раҳбар сифатида қайтиши» ғоясини қўллаб-қувватлади.
Ryanair — Европадаги энг йирик ултрабюджет авиакомпаниялардан бири ҳисобланади. Компания 35 давлатда 240 йўналиш бўйича парвозларни амалга оширади ва кунига ўртача 3,6 минг рейсни бажаради. Авиакомпания 1997 йилдан бери биржада савдоларга чиқарилган.
Ҳозирда «Ryanair»нинг кундалик операцион фаолиятини бош директор Эдди Уилсон юритади, гуруҳ бош директори лавозимини эса Майкл О’Лири эгаллаб келмоқда. Маскнинг баёноти расмий таклиф эмас, балки ижтимоий тармоқдаги навбатдаги синовли чиқиш сифатида баҳоланмоқда. Аммо бозор кузатувчилари бу каби «ҳазиллар» баъзан жиддий стратегик ҳаракатларга айланиб кетишини ҳам истисно қилмаяпти.





