Logo

Авиачипталар 2027 йилда 20 фоизгача қимматлаши мумкин

Bugun 10:533 daqiqa

Яқин Шарқдаги уруш ва Ҳўрмуз бўғозидаги беқарорлик сабабли авиаёқилғи бир йилда 128 фоизга қимматлашгани, шунингдек, давлатларнинг янги авиация солиқлари лоукостерларни қийин аҳволга солиб қўймоқда.

Авиачипталар 2027 йилда 20 фоизгача қимматлаши мумкин © independent.co

Европа бўйлаб авиачипталар нархи 2027 йилда сезиларли даражада ошиши мумкин. Ирландиянинг арзон авиапарвозларга ихтисослашган «Ryanair» лоукостери бош директори Майкл О’Лири ёқилғи харажатларининг ошиши ҳамда парвозлар жадвалидаги мавжуд ўринларнинг қисқариши чипталар нархига босим ўтказишини билдирди. Унинг тахминига кўра, келаси йили Европа бўйлаб авиачипталар 10, 15 ёки ҳатто 20 фоизгача қимматлашиши мумкин.

Ушбу баёнот 20 октябр куни Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида янгради.

Авиачипталар нега қимматлашиши мумкин?

О’Лири авиация ёқилғисининг қимматлашувини нархлар кўтарилишига таъсир қилувчи бош омил сифатида кўрсатмоқда. Унинг таъкидлашича, Яқин Шарқдаги кескинлик ва уруш нефт бозоридаги вазиятни мураккаблаштириб, ташувчиларнинг харажатларини кескин ошириб юборган. Ёқилғи чиқимларининг кўпайиши эса авиакомпанияларнинг молиявий барқарорлигига бевосита зарба беради.

«Euronews» хабарига кўра, Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси («IATA») мониторингида 2026 йил 16 октябр билан якунланган ҳафтада Европа ва Ҳамдўстлик мамлакатлари ҳудудида авиаёқилғининг ўртача нархи бир баррели учун 207,61 долларни ташкил этган. Бу бир йил олдинги мос даврга нисбатан қарийб 128 фоизга кўпдир.

Ҳўрмуз бўғози авиация бозори учун муҳим

Авиаёқилғи бозоридаги асл вазиятни англаш учун халқаро таъминот занжирига эътибор қаратиш лозим.

«IATA»нинг 2026 йил июн ойидаги таҳлилларига кўра, Ҳўрмуз бўғози орқали кунига ўртача 470 минг баррел авиация ёқилғиси ташилади. Бу жаҳон бўйлаб денгиз орқали экспорт қилинадиган авиаёқилғининг қарийб 23 фоизини ташкил этади.

Мазкур ассоциация маълумотларига қараганда, Форс кўрфазидан чиқадиган авиаёқилғининг салкам 80 фоизи Европага йўналтирилади. Бу эса, ўз навбатида, Европанинг жами авиаёқилғи импортининг 40 фоизига тенгдир.

Минтақадаги ҳар қандай можаро ёки таъминотдаги узилишлар Европа авиация бозорига жиддий таъсир кўрсатади.

Рейслардаги ўринлар сони ҳам қисқариши мумкин

О’Лири нархлар ошишига таъсир кўрсатувчи яна бир муҳим омил сифатида Европа авиация бозорида таклифнинг камайишини кўрсатди. Унинг фикрича, айрим авиакомпанияларнинг молиявий инқирозга учраши ёки бошқа йирик ташувчилар билан қўшилиб кетиши бозордаги бўш ўринлар сонини камайтириши мумкин.

Бундай вазиятда қиммат ёқилғи фонида парвозлар сони ҳам қисқарса, чипталарга талаб ошиб, нархлар янада кўтарилади. «Ryanair» раҳбари айнан мана шу икки омилни биргаликда ҳисобга олган ҳолда чипталар 10–20 фоизгача ошиши мумкинлигини башорат қилмоқда.

Европа давлатларининг солиқлари ҳам чиқимларни оширмоқда

О’Лири авиаёқилғидан ташқари, айрим Европа давлатларида жорий этилаётган авиация солиқларини ҳам танқид остига олди.

«Ryanair» Белгияда авиация солиғи оширилиши муносабати билан қишки жадвалдан 20 та йўналишни ва 1,1 миллиондан ортиқ ўринни олиб ташлашини эълон қилди. Маълумот учун, Белгияда ушбу солиқ 2027 йилнинг январидан бошлаб ҳар бир йўловчи учун 2 евродан 7 еврогача кўтарилиши белгиланган.

Бу Ўзбекистондан учадиган йўловчиларга ҳам таъсир қиладими?

«Ryanair» раҳбарининг прогнози фақатгина Европа ички бозорига тегишлидир. Ўзбекистондан Европага бўлган халқаро рейсларда ҳам нархлар худди шундай ошиши бўйича алоҳида баёнотлар берилмаган.

Ўзбекистон авиабозорида ёқилғи нархининг тарифларга таъсири бўйича аввал ҳам ҳолатлар кузатилган. 2026 йил 4 апрел куни «Centrum Air» авиакомпанияси халқаро бозорларда авиация ёқилғиси қимматлашгани боис айрим халқаро йўналишларда нархларни қайта кўриб чиқишини маълум қилган эди. Ўшанда ўзгаришлар барча парвозларга эмас, балки ёқилғи харажати энг кўп бўлган йўналишларга қаратилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Туризм қўмитасининг хабарига кўра, «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси маҳаллий ички йўналишлардаги чипта тарифларини 16 октябрдан бошлаб ўртача 20 фоизгача пасайтирган.

Teglar

Mavzuga oid