Инфляцион кутилмалар пасайишдан тўхтади

Bugun 18:302 daqiqa

Ўтган ойда аҳолининг инфляцион кутилмалари 11,2 фоиз, бизнесники эса 10,8 фоиз кўринишида сақланиб қолди. Инфляцион ҳавотирлар туфайли асосий ставка ҳам ўзгармаганди.

Инфляцион кутилмалар пасайишдан тўхтади

2026-йилнинг феврал ойида аҳолининг келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз сақланиб қолиб, 11,2 фоизга тенг бўлди. Бу ҳақда Марказий банк хабар бермоқда.

Тадбиркорларнинг инлфяцион кутилмалари ҳам ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз сақланиб қолиб, 10,8 фоизни ташкил этди.

Февралда Ўзбекистонда йилик расмий инфляция 0,1 фоизга кўпайиб, 7,3 фоизга етганди. Марказий банк инфляцияни 2027-йил охирида 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга туширмоқчи.

Регулятор томонидан асосий ставка ҳам 18-март куни айнан инфляцион хавотирлар сабаб 14 фоиз кўринишида ўзгаришсиз сақлаб қолинганди.

Аҳоли инфляцион кутилмаларининг асосий омиллари ҳамон коммунал хизматларнинг қимматлашиши бўлиб турибди. Сўровда қатнашганларнинг 44 фоизи бу жавобни белгилаган.

1

Кейинги ўринларни ёнилғи ва энергия нархлари ошиши (40 фоиз) ҳамда валюта курсининг ўзгариши (28 фоиз) эгаллади. Доллар курсининг ўзгариши бўйича ҳавотирлар феврал ойида яна кучайишни бошлаган.

Бундан ташқари, инфляция омили сифатида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашиши ва иш ҳақи ошишини қайд этган аҳоли респондентлари улуши бироз ортган.

Бизнес учун инфляцион кутилмалар омили сифатида ҳам коммунал хизматлар ҳамда ёнилғи ва энергия ресурслари қимматлашиши кўрсатилмоқда.

2

Бу ерда ҳам келгусида нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омиллардан бири сифатида валюта курси ўзгаришини қайд этган тадбиркорлар улуши кўпайишни бошлади.

Доллар курси бўйича ҳавотирлар кучайиши феврал ойида сўмга нисбатан доллар курси 2025 йил сентябрдан бери энг юқори даражага чиққани билан изоҳланади.

Аҳолининг юқори инфляцион кутилмалари маиший хизмат соҳаси вакиллари томонидан билдирилган бўлса, келгусида нархлар шаклланиши бўйича нисбатан паст кутилмалар қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари томонидан қайд этилди.

3

Тадбиркорларнинг юқори инфляцион кутилмалари ахборот технологиялари ва оммавий ахборот воситалари соҳасида фаолият олиб борадиган корхоналар томонидан кутилмоқда.

Келгусида нархлар шаклланиши бўйича нисбатан паст кутилмалар эса бизнесда ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида кузатилди.

Ҳудудлар бўйича аҳоли инфляцион кутилмаларининг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида сақланиб қолмоқда. Нисбатан паст инфляцион кутилмалар Наманган вилоятида истиқомат қилаётган аҳоли томонидан қайд этилди.

Teglar

Mavzuga oid