
Ироқлик 100 нафардан ортиқ тадбиркор Ўзбекистонга келди
Ироқдан келган йирик бизнес делегацияси Ўзбекистонда саноат, савдо ва қурилиш каби қатор соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда.

13 январ куни Ироқ ишбилармон доиралари вакилларидан иборат 100 нафардан ортиқ тадбиркорни қамраб олган бизнес делегацияси махсус чартер рейс билан Тошкент шаҳрига етиб келди. Бу ҳақда Дунё ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, делегация таркибида 17 нафар расмий шахс ҳам иштирок этмоқда. Улар орасида Ироқ савдо вазири Асир ал-Ғаририй, Ироқ Инвестициялар бўйича миллий қўмита раиси ўринбосари Салар Муҳаммад Амин, Ироқ Иқтисодий кенгаши раиси Иброҳим ал-Масъудий ал-Бағдадий ва Ироқ Савдо палаталари федерацияси раисининг махсус вакили Амир Алавий бор. Шунингдек, 120 нафарга яқин йирик ироқлик тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам делегацияга қўшилган.
Ташриф дастури доирасида ироқлик ишбилармонлар Ўзбекистонда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги саноати, савдо, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, пудрат ишлари, кўчмас мулк, фармацевтика ҳамда электротехника ва автомобилсозлик соҳаларида ҳамкорлик имкониятларини ўрганади. Шунингдек, улар тўқимачилик, мебелчилик, заргарлик ва нефт маҳсулотлари билан боғлиқ йўналишларга ҳам қизиқишмоқда.
Бундан ташқари, ахборот технологиялари, консалтинг, божхона декларацияси ва туризм каби хизматлар соҳасида ҳам қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда. Бу йўналишлар икки мамлакат ўртасида хизматлар экспортини ошириш учун муҳим ҳисобланади.
Дастурга мувофиқ, Ироқ бизнес миссияси Ўзбекистон вазирлик ва идоралари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказади. Шу билан бирга, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон–Ироқ бизнес форумларида ҳамда маҳаллий тадбиркорлар билан B2B форматдаги музокараларда иштирок этиши режалаштирилган.
Шунингдек, делегация аъзолари фармацевтика кластери ва озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаларига ташриф буюради.





