Исроил Ғазода ҲАМАСга қарши гуруҳларни қурол билан таъминламоқда
06.06.2025 | 20:502 daqiqa
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазо секторидаги айрим маҳаллий кланлар Исроил томонидан қурол билан таъминланаётганини очиқ тасдиқлади. Унинг баёнотига кўра, бу ҳаракат ҲАМАС ҳаракатининг ҳудуддаги ҳокимиятини сусайтиришга қаратилган.

«Биз у ерда ҲАМАСга қарши бўлган кучлар билан ҳамкорлик қиляпмиз. Улар орасида баъзи маҳаллий кланлар ҳам бор. Улар ўз жамоалари хавфсизлиги учун ҳаракат қилмоқда ва биз уларни қўллаб-қувватлаяпмиз», — деди Нетаняҳу.
BBC маълумотига кўра, мазкур кланлар Исроил ҳарбий кучлари билан ҳамкорлик қилиб, ҲАМАСга қарши фаол ҳаракат қилмоқда. Бу ҳолат Ғазо секторидаги хавфсизлик вазиятига жиддий таъсир кўрсатмоқда ва минтақадаги сиёсий мувозанатни ўзгартириши мумкин.
Айрим таҳлилчилар бу ҳаракат Исроилнинг Ғазодаги сиёсий структурани парчалаш ва у ерда ўзининг таъсир доирасини кучайтириш уриниши эканини таъкидламоқда. Шу билан бирга, бу қарор халқаро майдонда танқидларга ҳам сабаб бўлмоқда.
ҲАМАС ва унинг тарафдорлари эса бундай ҳаракатни «бўлиш ва бошқариш» сиёсати сифатида баҳоламоқда. Уларга кўра, маҳаллий кланларни қуроллантириш орқали Исроил минтақани барқарорлаштиришга эмас, балки янада кескинлаштиришга ҳаракат қилмоқда.





