Исроил соясидан чиқиш талаби: Эрон АҚШга қаттиқ огоҳлантириш берди
Эрон ТИВ расмий вакили Исмоил Бақоий АҚШнинг Яқин Шарқдаги сиёсати Тел-Авивга асир бўлиб қолганини айтмоқда.

Эронга нисбатан ҳарбий тажовуз амалга оширилган тақдирда мамлакат бунга «қақшаткич жавоб» қайтаради. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Теҳрон ўз хавфсизлигига қаратилган ҳар қандай ҳужумни жавобсиз қолдирмайди.
Вашингтон сиёсатидаги мустақиллик ва Исроил омили
Бақоийнинг сўзларига кўра, АҚШ ташқи сиёсатидаги асосий муаммолардан бири қарорларнинг ҳали-ҳамон Исроил позициясига боғлаб қабул қилинаётганидир. У бу ҳолат Яқин Шарқдаги барқарорликка жиддий путур етказаётганини таъкидлади ва Вашингтонни мустақил сиёсий йўл тутишга чақирди.
«Бизнинг музокара бўйича шеригимиз — Америка Қўшма Штатлари. Айнан Вашингтон мустақил қарор қабул қилиши ҳамда минтақага зарар етказаётган босим ва таъсирлардан холи тарзда ҳаракат қилиши лозим», — дея таъкидлади у.
Шу билан бирга, Бақоий Европа Иттифоқи ва айрим Европа давлатларининг дипломатик жараёнларда мустақил таъсир ўтказиш имконияти чекланганини билдирди.
Ядровий объектларга зарбалар ва Маскат музокаралари
Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги музокаралар қарийб саккиз ойлик танаффусдан сўнг 6 феврал куни Маскат шаҳрида қайта тикланди. Дипломатик алоқалар Исроилнинг Эронга қарши 12 кун давом этган ҳарбий ҳужумидан кейин тўхтаб қолган эди.
Ўша ҳарбий ҳаракатлар доирасида АҚШ томонидан Эроннинг учта муҳим ядровий обьектига зарбалар берилган. Айни пайтда томонлар ўртасидаги мулоқот минтақадаги хавфсизлик ва ядровий дастур масалалари билан боғлиқ кескин вазият фонида давом этмоқда.





