Жаҳон чемпионатининг Мексикадаги ўйинлари кўчириладими? Президентлар баёнот эълон қилди
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги уч ўйини Мехико, Ҳюстон ва Атланта шаҳарларида ўтказилиши белгиланган.

Мексика президенти Клаудия Шейнбаум 2026 йилги Жаҳон чемпионати доирасида мамлакатга ташриф буюрадиган мухлислар учун «ҳеч қандай хавф йўқ»лигини эълон қилди. Бу ҳақда «Reuters» хабар бермоқда.
Тартибсизликлар фонидаги баёнот
Унинг баёноти Халиско штатида энг кўп қидирувда бўлган наркокартел етакчиси Немесио Осегера ҳарбий амалиёт чоғида ўлдирилганидан кейин бошланган тартибсизликлар фонида янгради.
Президентнинг таъкидлашича, Мехико, Монтеррей ва Гвадалахара шаҳарларида бўлиб ўтадиган ўйинлар хавфсизлиги бўйича «барча кафолатлар» таъминланган.
Унинг сўзларига кўра, вазият барқарорлашмоқда. Картел етакчиси Немесио Осегера 22 феврал кунги ҳарбий амалиёт чоғида ўлдирилгач, унинг тарафдорлари қасос олиш мақсадида бутун мамлакат бўйлаб тўсиқлар ўрнатган ҳамда автобуслар ва дўконларга ўт қўйган. Ҳозирда хавфсизлик кучлари жамоат тартибини тиклаш ва аҳоли осойишталигини таъминлаш бўйича чораларни кучайтирган.
ФИФАнинг муносабати
ФИФА президенти Жанни Инфантино ёзги турнирнинг Мексикада ўтказилиши юзасидан ўзини «жуда хотиржам» ҳис қилаётганини билдирди.
«Ҳаммаси ажойиб бўлади», — деди у.
ФИФА вакили ташкилот вазиятни диққат билан кузатаётгани ва маҳаллий ҳукумат билан доимий алоқада эканини маълум қилди.
Мезбонлик режалари
Халиско губернатори Пабло Лемус штатнинг турнирдаги иштирокини тасдиқлаб, минтақада бир қатор тадбирлар режалаштирилганини билдирди.
«ФИФА томонидан Мексикадаги бирорта стадионни ўйинлар рўйхатидан чиқариш режалаштирилмаган», — деди у.
Мексика 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг 104 ўйинидан 13 тасига мезбонлик қилади. Уларнинг тўрттаси Гвадалахарада ўтказилади. Шунингдек, 11 июн куни турнир бошланишидан аввал мамлакат бир нечта тайёргарлик ўйинларини ҳам қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги уч ўйинини Мексиканинг Мехико ҳамда АҚШнинг Ҳюстон ва Атланта шаҳарларида ўтказади.
