
Жаҳон иқтисодиёти ўсиши 2026 йилда 2,7 фоизгача секинлашади — БМТ
БМТ прогнозига кўра, 2026 йилда жаҳон иқтисодиёти ўсиши секинлашиб 2,7 фоизни ташкил этади, савдо тарифлари ва геосиёсий ноаниқликлар асосий омил бўлиб қолмоқда.

БМТ томонидан тайёрланган «Жаҳон иқтисодий аҳволи ва истиқболлари» ҳисоботига кўра, 2026 йилда глобал иқтисодий ўсиш 2,7 фоизгача пасаяди. Бу 2025 йилдаги 2,8 фоизлик кўрсаткичдан паст бўлиб, ҳатто 2027 йилда кутилган 2,9 фоизли тикланиш ҳам пандемиягача бўлган ўртача даражадан паст қолади.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2010–2019 йилларда жаҳон иқтисодиёти ўртача 3,2 фоизлик суръатда ўсган. Ҳозирги прогнозлар эса глобал иқтисодий фаолликнинг барқарор, аммо суст суръатда давом этишини кўрсатмоқда, деб ёзмоқда «Reuters».
БМТ таҳлилчилари АҚШ томонидан 2025 йилда жорий этилган юқори савдо тарифлари янги кескинликни келтириб чиқарганини таъкидлайди. Бироқ кенг кўламли савдо урушининг олди олингани глобал савдонинг кескин қулашини чеклади. Олдиндан юборилган товарлар, захираларни кўпайтириш ва юмшоқ пул-кредит сиёсати фонида барқарор истеъмол харажатлари иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлади.
Йирик иқтисодиётлар бўйича прогнозлар қуйидагича: АҚШ иқтисодиёти 2025 йилда 1,9 фоизгача секинлашган, 2026 йилда 2,0 фоиз ва 2027 йилда 2,2 фоиз ўсиш кутилмоқда. Инфляция тариф сиёсатининг оқибатлари сабаб ҳали маълум муддат 2 фоизлик мақсаддан юқори қолиши мумкин.
Хитойда 2026 йилда ўсиш 4,6 фоиз даражасида баҳоланмоқда. АҚШ билан савдо зиддиятларида вақтинчалик юмшаш ва айрим божларни камайтириш инвесторлар ишончини барқарорлаштирган. Европа Иттифоқида эса ўсиш 1,3 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда, асосий хавфлар эса АҚШ божлари ва геосиёсий ноаниқлик билан боғлиқ.
Ҳиндистон 2026 йилда ҳам энг тез ўсувчи иқтисодиётлардан бири бўлиб қолади — 6,6 фоиз. Кучли ички истеъмол ва инвестициялар ташқи савдодаги салбий таъсирларни қоплаши мумкин.
БМТ таъкидлашича, макроиқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлаш савдо чекловларининг салбий оқибатларини юмшатади. Бироқ қисқа муддатда халқаро савдо ва умумий иқтисодий фаоллик ўртача суръатда қолиши кутилмоқда.





