add

ЖСТ томон яна бир қадам: Россия билан протокол имзоланди

Bugun 10:555021 daqiqa

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида Россия билан икки томонлама бозорга кириш музокараларини якунлаб, муҳим протоколни имзолади.

ЖСТ томон яна бир қадам: Россия билан протокол имзоланди

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида навбатдаги муҳим босқични ортда қолдирди. 2025 йил 21 декабр куни Санкт-Петербург шаҳрига амалий ташриф доирасида Ўзбекистон ва Россия ўртасида икки томонлама бозорга кириш музокараларини якунловчи протокол имзоланди. Бу ҳужжат Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнида муҳим сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга эга.

Протокол Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифи чоғида Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников билан биргаликда имзоланди. Ҳужжат ЖСТга аъзо бўлиш доирасида Ўзбекистон ва Россия ўртасида олиб борилган икки томонлама музокараларни расман якунлади.

Президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўруновнинг таъкидлашича, музокаралар узлуксиз, мазмунли ва конструктив руҳда ўтган ҳамда ижобий натижа билан якунланган. У Россия томонининг Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёнидаги фаол иштироки ва ҳамкорлигини алоҳида қайд этди.

Шу билан бирга, Ўрунов айрим масалалар ҳали якунига етказилиши лозимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, эндиликда асосий эътибор кўп томонлама музокараларни илгарилатиш, миллий қонунчиликни ЖСТ талабларига мослаштириш ва аъзолик жараёнини келгуси йилда муваффақиятли якунлашга қаратилган.

Энди ЖСТга аъзолик йўлида битта Тайван билан шундай протокол имзолаш қолди.

Teglar

Mavzuga oid

ЖСТ томон яна бир қадам: Россия билан протокол имзоланди | Vaqt.uz