
Кафе ва ресторанлар бозорида 2025 йилда юқори ўсиш кузатилди
Овқатланиш хизматларига талаб ошиши соҳада фаолият кўрсатадиган корхоналар товар айланмаси ва солиқлари сезиларли ўсишига сабаб бўлди. Энг кўп солиқ тўлаган брендилар маълум қилинди.

2025 йилда Ўзбекистонда умумий овқатланиш бозори жадал суръатларда ўсди. Мамлакатда 20 минг 300 дан ортиқ кафе ва ресторан фаолият юритиб, уларнинг 2025 йил январ–ноябр ойларидаги тoвар айланмаси 17,2 трлн сўмга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 30 фоизга юқори бўлиб, соҳада барқарор ривожланиш кузатилаётганини кўрсатади.
Таққослаш учун, 2024 йилнинг мос даврида 19 минг 500 дан ортиқ кафе ва ресторанлар фаолият кўрсатган ва уларнинг жами тoвар айланмаси 13,6 трлн сўмни ташкил этган эди. Бир йил ичида корхоналар сони ҳам, айланма ҳажми ҳам ошгани аҳолининг умумий овқатланиш хизматларига бўлган талаби кенгаяётганини англатади.
2025 йилнинг 11 ойида кафе ва ресторанлар давлат бюджетига жами 1,56 трлн сўм солиқ тўлади. Ушбу маблағларнинг 20 фоизи соҳа бўйича энг йирик 20 та корхона ҳиссасига тўғри келган. Бу эса бозорда йирик брендлар улуши юқори эканини кўрсатади.

Энг кўп солиқ тўлаганлар
Умумий овқатланиш соҳасида энг катта солиқ тушумлари фаст-фуд тармоқлари ҳиссасига тўғри келди. Айниқса, «KFC», «Evos» ва «Oqtepa Lavash» энг йирик солиқ тўловчилар қаторида қайд этилди.
Биринчи ўринни «KFC» эгаллаб, ушбу даврда 83,2 млрд сўм солиқ тўлади. Иккинчи ўринда «EVOS» бўлиб, унинг солиқ тўловлари 62,4 млрд сўмни ташкил этди. Учинчи ўриндан «Oqtepa Lavash» жой олиб, 35,4 млрд сўм солиқ тўлаган.
Шунингдек, «Feed Up» тармоғи 7,4 млрд сўм, «Max Way» 6,3 млрд сўм, «Bellissimo Pizza» эса 6 млрд сўм солиқ тўловлари билан рўйхатдан жой олди.
Маълумот ўрнида, 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида умумий овқатланиш корхоналарининг савдо айланмаси 215,5 трлн сўмни ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 15,2 фоизга ошган.





