
Капитал бозорида инвестиция муҳити яхшиланади
Президентнинг тегишли фармони билан фонд бозорига йирик инвестицияларни жалб этиш ва инвесторлар ҳимояси кучайтирилади.

Ўзбекистонда капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Президентнинг тегишли фармони фонд бозорини чуқурлаштириш ва инвестиция оқимларини кенгайтиришни мақсад қилади.
Фармонга мувофиқ, 2030 йилгача капитал бозори орқали камида 1 млрд АҚШ доллари миқдорида қўшимча инвестиция жалб этиш кўзда тутилган. Бунинг бир қисми сифатида 5 трлн сўмлик корпоратив облигациялар чиқарилиши режалаштирилмоқда. Мазкур чоралар бозор инструментларини диверсификация қилиш ва хусусий сектор маблағларини фаол жалб этишга қаратилган.
Ҳужжатда капитал бозори иштирокчилари инвестицияларининг хавфсизлигини таъминловчи механизмларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган. Натижада, бартараф этиладиган ҳуқуқбузарликлар улушини 85 фоиздан ошириш мақсад қилиб қўйилган. Бу инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш ва бозор шаффофлигини оширишга хизмат қилади.
Фармонга кўра, 2023 йил 2 сентябрдаги қарор билан жорий этилган «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими чекланмаган муддатга амал қилади. Ушбу режим инновацион молиявий ечимларни синовдан ўтказиш ва янги иштирокчиларни бозорга киритиш учун ҳуқуқий асос бўлиб қолади.
«Тартибга солиш қумдони» доирасида Ўзбекистон резиденти бўлган юридик шахсларга иштирокчи мақомини олиш имкони берилади. Шунингдек, чет эллик иштирокчилар ва инвестиция фондларига улар чиқарган қимматли қоғозлар бўйича кастодиал ва номинал сақлаш хизматларини кўрсатишга рухсат этилди.
Бундан ташқари, айрим ҳолларда эмитентларга ўз капитали миқдоридан ортиқ корпоратив облигацияларни таъминотсиз чиқариш ҳуқуқи берилади.





