add

Касбий таълим муассасалари аккредитацияси учун янги баҳолаш мезонлари жорий этилди

Bugun 20:30272 daqiqa

Янги тартиб таълим сифати, инфратузилма ва инклюзивлик каби йўналишларни қамраб олиб, муассасалар фаолиятини аниқ мезонлар асосида баҳолашни назарда тутади.

Касбий таълим муассасалари аккредитацияси учун янги баҳолаш мезонлари жорий этилди

Касбий таълим ташкилотларини комплекс давлат аккредитациясидан ўтказиш жараёнида баҳолаш мезонлари ва индикаторлари расман тасдиқланди. Бу бўйича Адлия вазирлиги тегишли индикаторларни давлат рўйхатидан ўтказди.

«Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 58-моддасига мувофиқ, профессионал, яъни касбий таълимни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим муассасалари давлат таълим стандартлари ҳамда таълим дастурларига мувофиқлик нуқтаи назаридан комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказилиши шарт.

Янги тартибга кўра, касбий таълим ташкилотлари 7 та йўналиш доирасида белгиланган 37 та мезон асосида баҳоланади. Ушбу мезонлар бўйича жами 203 та индикатор жорий этилган бўлиб, улар таълим сифатини комплекс таҳлил қилишга қаратилган.

Индикаторларнинг 12 таси, яъни 5,9 фоизи мажбурий ҳисобланади. Улар қаторига кутубхонада ўқувчилар контингентига мос ўқув адабиётларининг мавжудлиги, таълим дастурларига мос бино ва иншоотлар билан таъминланганлик каби талаблар киради. Қолган 191 та индикатор, яъни 94,1 фоизи умумий индикаторлардан иборат бўлиб, ўқув хоналарининг ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилганлиги, педагог ва ўқувчиларни рағбатлантириш чоралари каби масалаларни қамраб олади.

Барча индикаторлар «мувофиқ» ёки «мувофиқ эмас» шаклида баҳоланади. Агар индикаторларнинг 50 фоизигача қисми «мувофиқ» деб топилса, мезон «мувофиқ эмас» ҳисобланади. 50–60 фоиз оралиғида бўлса — «қисман мувофиқ», 60 фоиз ва ундан юқори натижада эса мезон «мувофиқ» деб эътироф этилади. Шу билан бирга, бирор мажбурий индикатор «мувофиқ эмас» деб баҳоланса, умумий натижадан қатъи назар, тегишли мезон автоматик равишда «мувофиқ эмас» деб топилади.

Teglar

Mavzuga oid

Касбий таълим муассасалари аккредитацияси учун янги баҳолаш мезонлари жорий этилди | Vaqt.uz