add

Келгуси 4 йилда олий маълумотли имом-хатиблар улуши 80 фоизга етказилади

Kecha 17:552 daqiqa

«Ўзбекистон–2030» стратегиясининг янги таҳрири лойиҳасида таълим, диний-маърифий соҳа ва халқ дипломатиясида аниқ рақамли мақсадлар белгиланди.

Келгуси 4 йилда олий маълумотли имом-хатиблар улуши 80 фоизга етказилади

«Ўзбекистон–2030» стратегияси лойиҳасида жамиятда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий соҳани ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. Ҳужжатда таълим ва диний соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилган.

Лойиҳага кўра, келгуси тўрт йил ичида диний-маърифий соҳада фаолият юритаётган имом-хатиблар орасида олий маълумотли кадрлар улушини 80 фоизга етказиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, олий диний таълим муассасаларида илмий салоҳиятни кучайтириш ҳам назарда тутилган. Хусусан, PhD ва DSc илмий даражасига эга бўлган ўқитувчи ва тадқиқотчилар улушини 35 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Таълим соҳасида яна бир муҳим йўналиш сифатида хорижий тилларда таълим бериладиган давлат таълим муассасалари кутубхоналарида ўзбек адабиётининг таржима асарлари қамровини 60 минг нусхага етказиш белгиланган.

Илмий йўналишда эса миллатлараро муносабатлар мавзусида юқори импакт-факторга эга халқаро ва маҳаллий журналларда чоп этиладиган илмий-оммабоп мақолалар сонини 300 тага етказиш режалаштирилган. Мақолалар Олий аттестация комиссияси рўйхатидан ўтган нашрларда эълон қилиниши кўзда тутилмоқда.

Қайд этилишича, хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш доирасида уларнинг фарзандлари учун ўзбек тилини ўргатишга ихтисослашган ўқув марказлари сонини 62 тага етказилади. Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган «Чинор» ва «Анор» дастурлари иштирокчилари сонини 1 800 нафаргача ошириш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, ташқи ҳамкорлик ва халқ дипломатияси йўналишида биродарлашган шаҳарлар сонини 120 тага етказиш режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid