add

Кетма-кет 8 кунлик ўсиш: доллар ўз қурбини тиклаяптими?

Bugun 14:576973 daqiqa

Доллар курси бугун, 15 декабр куни яна 33 сўм атрофида ошиши кутилмоқда. Шу тариқа доллар кетма-кет 8 иш кунидан бери қимматламоқда. Бу ҳолат 2023 йилдан бери биринчи марта содир бўлади. Хўш, доллар қайтдими?

Кетма-кет 8 кунлик ўсиш: доллар ўз қурбини тиклаяптими?

Узоқ йиллар давомида ўзбекистонликлар учун доллар ишончли валюта бўлиб келган. Аҳолининг аксарият қисми долларда пул йиғарди. Молиявий қарорлар ҳам доимо доллар ўсишини инобатга олган ҳолда қабул қилинарди. 

Аммо, 2025 йил — йиллар давомида шаклланиб келган тушунчаларни бузиб юборди. Феврал ойида 1 доллар илк марта 13 000 сўмдан ошган бўлса, ноябр охирига келиб 11 880 долларгача пасайди. Бироқ, декабрдан бошлаб яна ўсиш бошланди. 

Доллар курси бугун, 15 декабрь куни яна 33 сўм атрофида ошиши кутилмоқда. Шу тариқа доллар кетма-кет 8 иш кунидан бери қимматламоқда. 

Бу ҳолат 2023 йилдан бери биринчи марта содир бўлади. Сўнгги 8 кун ичида сўмга нисбатан долларнинг алмашинув курси прогноз билан 250 сўмдан кўпроққа ўсди. 

Хўш, доллар нега кўтарилмоқда? Яна аввалгидек ўсишда давом этадими? Келинг, шу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз. 

 

Пул ўтказмалари

2025 йил сўмнинг долларга нисбатан мустаҳкамланишига Ўзбекистонга кириб келаётган пул ўтказмалари катта ҳисса қўшди. 

Йил бошидан бери мамлакатга 17 млрд доллардан ошиқ хорижий пул ўтказмалари келди. Бироқ, бу кўрсаткич ноябрь ойида сезиларли қисқарди — 1,86 млрд доллардан 1,48 млрд долларга. Бу сўнгги йиллардаги энг катта ойлик пасайиш ҳисобланади. 

Пул ўтказмалари сўнгги йиллардаги тенденцияга кўра, декабр ойида ҳам пасайиши кутилмоқда. Бу эса доллар йилни мустаҳкам якунлаши бўйича кутилмаларни юзага чиқаради. 

 

Олтин — Ўзбекистон учун муҳим жиҳат

2025 йилда Ўзбекистон 7 ойдаёқ олтин тушумлари бўйича рекордни янгилади. Яъни 7 ой ичида, бутун бошли 2024 йилдагидан кўра кўпроқ олтин экспорти амалга оширилди. 

Бу, албатта, жорий йилда олтин нархи юқори шакллангани билан боғлиқ. Қиммат олтин мамлакат учун сўмнинг мустаҳкамланишига ёрдам берди. 

Сўнгги бир ойда олтин нархлари нисбатан паст шакллангани эса сўмга салбий таъсир қилган бўлиши мумкин. 

Августдан октябргача уч ойдан кўпроқ вақт давомида олтин нархи барқарор ўсишда давом этди ва бир неча бор рекордлар қайд этилди. Қимматбаҳо метал унцияда 4 400 долларга яқинлашди. 

Натижада, 1 августдан 31 ноябргача долларнинг сўмга нисбатан курси қарийб 700 сўмга тушди.

Ноябр ойида эса олтин нархи пасайишни бошлади ва 4 000 доллардан тушиб кетди. Ушбу нарх тушиши вақт ўтиб сўмга босимни юзага келтираётган бўлиши мумкин. 

Бироқ, декабрда олтин нархлари яна ўсишни бошлади. Айни пайтда олтин 4 350 доллар атрофида бўлиб турибди. 

 

Кутилмалар қандай? 

Таҳлилчилар орасида доллар курси йилни мустаҳкам якунлаши ҳақида кутилмалар бор. Сўнгги йилларда, одатда декабр ойи сўм учун оғирроқ бўлади. 

S&P халқаро рейтинг агентлиги ўтган ой 2025 йилни доллар 12 050 сўм атрофида якунлашини прогноз қилганди. Доллар 11 880 сўмгача пасайган бир вақтда бу кўпчилик учун нореал кўринганди. 

Агентлик 2026 йил сўнггида сўмнинг долларга нисбатан курси 12 600 сўмга яқин бўлишини, 2027 йилда эса яна 13 000 сўмдан ошишини кутмоқда. 

2025 йилда долларнинг заифлашувига АҚШ президенти Доналд Трампнинг кескин сиёсати сабаб бўлганди. Агар кескин қарорлар бўлмаса, доллар кейинги бир неча йил давомида барқарорликни сақлаб қолади. 

Айни пайтда дунё молия бозорида унинг ўрнини босадиган бошқа кучлироқ валюта йўқ. Заиф доллар ҳам, ҳозирча энг қудратли валюта бўлиб қолмоқда.

Фозил Қамбаров тайёрлади.

 

Teglar

Mavzuga oid