Кимё саноатига 8,3 млрд доллар инвестиция жалб қилинган — Президент

Bugun 14:182 daqiqa

Сўнгги йилларда Ўзбекистон кимё саноатига 8,3 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 87 та йирик ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди.

Кимё саноатига 8,3 млрд доллар инвестиция жалб қилинган — Президент © prezident.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кимё саноатини ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.

Йиғилишда мамлакат иқтисодиёти жадал суръатларда ривожланаётгани, сўнгги йилларда саноат тармоқларида 3 минг турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани таъкидланди. Қайд этилишича, 9–10 йил аввал Ўзбекистон кимё маҳсулотлари таркибида минерал ўғитлар асосий ўринни эгаллаган эди.

Инвестициялар самараси

Сўнгги йилларда кимё саноатига жами 8 миллиард 300 миллион долларлик инвестициялар жалб қилинди. Ушбу маблағлар ҳисобига 87 та йирик ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди.

Натижада соҳада маҳсулотлар тури кенгайиб, юқори қўшилган қийматга эга янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Хусусан, ПВХ, «яшил» водород, кўпикли полипропилен ва BOPP плёнкаси каби 60 дан ортиқ янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарила бошланди.

Расмий маълумотларга кўра, мазкур ўзгаришлар натижасида кимё саноати экспорти уч баробарга ошди. Шунингдек, соҳада банд бўлганлар сони 50 минг нафардан ошиб, тармоқ мамлакат иқтисодиётининг муҳим драйверларидан бирига айланди.

Кимё маҳсулотлари импорти 4,5 миллиард долларга етди

Ўзбекистонда кимё саноатига катта инвестициялар жалб қилинганига қарамай, тармоқ ўсиш суръатлари саноатнинг умумий ривожланишидан ортда қолмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган кимё саноатини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида тармоқдаги долзарб муаммолар танқидий муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, сўнгги тўққиз йилда республика саноати ўртача 6,3 фоизга ўсган бўлса, кимё саноатида бу кўрсаткич 3 фоизга ҳам етмаган. Шу билан бирга, мамлакатда кимёвий маҳсулотларга бўлган талаб юқорилигича қолмоқда. Кимё маҳсулотлари импорти йиллик 4,5 миллиард долларга етган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эса ички эҳтиёжнинг ҳатто 60 фоизини ҳам таъминлай олмаяпти.

Тизимли ишлаш талаб этилади


Президент «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти фаолиятига ҳам танқидий баҳо берди. Таъкидланишича, компания асосан ўз тизимидаги йирик корхоналар билан ишлашга эътибор қаратиб, тармоқдаги 5 мингдан ортиқ хусусий ва кичик корхона билан тизимли мулоқотни йўлга қўя олмаган.

Муаммо ва таклифларни эшитиш механизми суст ишлаётгани танқид қилиниб, соҳадаги барча иштирокчилар билан яқин ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Teglar

Mavzuga oid