
Кирилл Буданов Украина президенти офиси раҳбари этиб тайинланди
Украина президенти Володимир Зеленский ўз фармони билан Қуролли кучлар разведкаси раҳбари Кирилл Будановни президент офиси раҳбари лавозимига тайинлади.

Украина Қуролли кучлари Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов Украина президенти офиси раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг расмий Telegram канали орқали маълум қилди.
Зеленскийнинг таъкидлашича, у Буданов билан бўлган учрашув чоғида унга президент офисига раҳбарлик қилишни таклиф этган. Украина президентининг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда Украина учун хавфсизлик, мудофаа ва хавфсизлик кучларини ривожлантириш ҳамда дипломатик музокаралар йўналишидаги ишларга максимал даражада эътибор қаратиш муҳим ҳисобланади.
Президент офиси фаолияти айнан шу устувор вазифаларни бажаришга қаратилган ҳолда иш юритиши кераклиги қайд этилди. Зеленский Буданов ушбу соҳаларда етарли тажрибага, профессионал салоҳиятга ва натижага эришиш учун зарур қатъиятга эга эканини таъкидлади.
Президент маълумотларига кўра, Кирилл Буданов таклифни қабул қилган. Шу билан бирга, Зеленский янги раҳбарга Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби ҳамда бошқа тегишли идоралар билан ҳамкорликда давлат мудофааси ва ривожланишининг стратегик асосларини қайта кўриб чиқиш ҳамда тасдиққа тақдим этиш вазифасини юклаган.
Украина Қуролли кучлари Бош разведка бошқармасига янги раҳбар ҳам тайинланган. Зеленскийнинг маълум қилишича, ушбу лавозимни ташқи разведка хизмати раҳбари бўлиб ишлаб келган Олег Ивашченко эгаллайди.
Зеленский Ивашченко билан бўлган ишчи учрашувда Россиянинг ҳарбий ва иқтисодий салоҳиятини чеклаш, санкцияларни четлаб ўтиш схемаларини бартараф этиш ҳамда нефт экспортини қисқартириш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинганини билдирди.





