add

Киев Трамп режасига жавобан Донбассдан воз кечишни рад этди

Bugun 12:355252 daqiqa

Украина АҚШга тақдим этилган қарши тинчлик режасида Донбассдаги назорат остидаги ҳудудларни Россияга топширишни рад этиб, НАТОга аъзо бўлиш ҳуқуқини сақлаб қолишини билдирди.

Киев Трамп режасига жавобан Донбассдан воз кечишни рад этди

Украина АҚШ томонига 10 декабр куни тақдим этилган 20 банддан иборат қарши тинчлик режасида Донбассдаги назорат қилинаётган ҳудудларни Россияга бериш имкониятини бутунлай истисно қилди. Бу ҳақда The New York Times нашрига икки нафар юқори лавозимли европалик амалдор ва АҚШ маъмуриятининг собиқ вакили маълум қилган.

Манбаларга кўра, Киев АҚШ таклиф этган режада Украина учун «қизил чизиқлар»ни кесиб ўтадиган бандларни олиб ташлаган. Жумладан, Украина НАТОга аъзо бўлиш ҳуқуқидан воз кечишни ҳам рад этган. Киев бу позицияни алянснинг «очиқ эшиклар сиёсати» сақланиши зарурати билан изоҳлаган.

Қарши режада, шунингдек, АҚШ ва Европа давлатларидан Украина хавфсизлигини таъминлаш бўйича юридик мажбуриятларга эга кафолатлар талаб қилинган. Киевнинг фикрича, бундай кафолатларгина Россия томонидан яна бир тажовуз хавфини бартараф этиши мумкин.

The New York Times манбаларига кўра, тинчлик бўйича музокаралар 15 декабр куни Берлинда давом эттирилади. Учрашувда Украина президенти Володимир Зеленский, Европа давлатлари раҳбарлари ҳамда АҚШ музокарачилари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер иштирок этиши кутилмоқда.

Бундан аввал Politico нашри Киев Донбассга «эркин иқтисодий зона» мақоми бериш ва барча ҳарбий кучларни — ҳам украин, ҳам россиялик қўшинларни олиб чиқиш вариантига рози бўлганини хабар қилган эди. Зеленский эса оммавий баёнотида ушбу ҳудуд ким томонидан бошқарилиши ҳали номаълум эканини айтган ва ҳар қандай ҳудудий ён бериш фақат референдум орқали ҳал қилиниши кераклигини таъкидлаган.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Донбассда демилитаризация қилинган зона яратилиши мумкинлиги ҳақида гапириб, ҳудуд ҳар қандай ҳолатда Россия назорати остида бўлишини айтган. Унинг сўзларига кўра, у ерда Россия армияси ўрнига Росгвардия бўлинмалари жойлаштирилиши мумкин.

14 декабр куни Ушаков Кремл АҚШ билан Украина бўйича «корейсча сценарий» — фронт чизиғи бўйлаб ўзаро қўшин чиқариш ва демилитаризация қилинган зона яратиш масаласини муҳокама қилмаганини маълум қилди.

Россия президенти Владимир Путин эса декабр ойи бошидаёқ Россия «барибир Донбассни қўлга киритиши»ни айтган. У Украина қўшинлари ҳудуддан чиқмас экан, уруш тўхтамаслигини очиқ билдирган.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио таъкидлашича, асосий баҳс Донецк областининг Киев назоратида қолган 20 фоиз ҳудуди атрофида кечмоқда. НАТО баҳолашича, Россияга областнинг маъмурий чегараларига чиқиш учун яна камида бир йил уруш олиб бориш талаб этилади. Шу билан бирга, Россия армияси ҳар куни ўртача 1,1 минг нафар ҳарбийни йўқотмоқда, қурбонлар сони эса 1,15 миллионга яқинлашган.

Teglar

Mavzuga oid