Комил Алламжоновга суиқасд қилган шахс қамоқхонада вафот этди
Алламжоновга қилинган суиқасд иши бўйича 23 йилга ҳукм этилган маҳкум изоляторда ўлик ҳолда топилган.
© Фото: Telegram / Комил Алламжонов2025 йил 12 феврал куни Президент Администрациясининг собиқ ходими Комил Алламжоновга суиқасд уюштирганликда айбланиб, 23 йилга озодликдан маҳрум этилган Исмоил Жаҳонгиров жазони ижро этиш муассасасида вафот этди. Бу ҳақда марҳумнинг яқинларига таяниб, «Озодлик» нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 26 феврал куни содир бўлган. Жаҳонгиров изоляторда кийимидан фойдаланган ҳолда ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда.
Ҳозирча Ички ишлар ҳам Бош Прокуратура ҳам ушбу ҳолат юзасидан расмий изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, Алламжоновга суиқасд 26 октябр куни тунги соат 01:40 ларда Тошкент вилояти Қибрай туманида содир этилган эди. Фуқаро С.С. бошқарувидаги «Range Rover» автомашинасига номаълум шахслар томонидан бир неча бор ўқ узилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 ва 248-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Терговга бир нечта ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар жалб этилган эди.





