add

«Кўмир инқилоби»: Мирзиёевга 5 миллиард долларлик мега-лойиҳа тақдим этилди

Ўзбекистонда йилига 8-9 миллион тонна кўмирни қайта ишлаш ва 1,18 миллион тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади.

«Кўмир инқилоби»: Мирзиёевга 5 миллиард долларлик мега-лойиҳа тақдим этилди© Фото: president.uz

2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумида 10 миллион тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган бўлиб, бу ўтган мавсумга нисбатан 1,3 миллион тоннага кўпдир. Бу ҳақда бугун, 2 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган тақдимотда айтилди.

Қайд этилишича, ҳозиргача 9 миллион тонна кўмир қазиб олинган, ўсиш 590 минг тоннани ташкил этган. Кейинги мавсумда ишлаб чиқариш ҳажмини 11 миллион тоннага етказиш зарурлиги қайд этилган.

Бунинг учун Тошкент ва Жанубий ҳудудларда жойлашган конларни ўзлаштиришни жадаллаштириш, селектив қазиб олишни кенгайтириш, аутсорсинг асосида қўшимча экскаватор ва техникалар жалб қилиш муҳим экани таъкидланган. Хусусий тадбиркорлар иштирокини кенгайтириш орқали 2026 йилда қўшимча 2,5 миллион тонна кўмир қазиб чиқариш режалаштирилган.

Нишбош кўмир кони ўзлаштирилади

Тақдимотда Ангрендаги Нишбош кўмир конини ўзлаштириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Захираларининг ҳажми 233 миллион тонна ва қиймати қарийб 500 миллион долларга баҳоланаётган ушбу инвестиция лойиҳаси доирасида 2026 йилда қазиб олиш ишларини бошлаш ҳамда 1 миллион тонна кўмир қазиб чиқариш, келгусида йиллик қувватни 10 миллион тоннага етказиш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида 880 та доимий иш ўрни яратилади.

«Кўмир инқилоби»

Тақдимотда кўмирни чуқур қайта ишлаш асосида янги турдаги саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳа ҳам кўриб чиқилган. “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ташаббуси билан кўмирни кимёвий қайта ишлаш орқали полимер маҳсулотлар олишни ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 5 миллиард доллар бўлиб, унинг натижасида йилига 8-9 миллион тонна кўмирни қайта ишлаш ва 1,18 миллион тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади.

Уран истиқболи

Маълумот учун, ўтган йили Ўзбекистонда 7 минг тонна уран ишлаб чиқарилиб, аниқланган захиралар эса 139 минг тоннага етди. Жорий йилда Арнасой, Ғарбий Қизилқоқ, Жанубий Жонгелди, Шарқий Ағрон конларини ўзлаштиришни бошлаш режалаштирилган.

Йиғилишда хомашё қазиб олиш ҳажмининг кўпайиши муносабати билан уни қайта ишлаш қувватларини ҳам ошириш зарурлиги қайд этилди. Уранни қайта ишлаш қувватларини сульфат кислотаси ҳамда уни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган техник олтингугурт билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Президент кўмир ва уран саноатида режалаштирилган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, иқтисодий самарадорликни кучайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Teglar

Mavzuga oid