add

Кўп чиқинди чиқарадиган машиналар Тошкентга киритилмайди

Bugun 13:33882 daqiqa

Пойтахтда ҳаво ифлосланишини камайтириш учун чиқинди меъёри юқори машиналарга чеклов чоралари жорий этилади.

Кўп чиқинди чиқарадиган машиналар Тошкентга киритилмайди

Ўзбекистонда шаҳар экологияси ва транспорт тизимини яхшилашга қаратилган янги чора-тадбирлар ишга туширилади. Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида шаҳарлардаги тирбандликлар аҳоли ҳаётини қийинлаштирибгина қолмай, атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар етказаётганини таъкидлади.

Қайд этилишича, дунё тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, эндиликда автомобиллар чиқараётган зарарли моддалар даражасига қараб экологик стикерлар бериш тизими жорий этилади. Бу механизм орқали транспорт воситаларининг экологик тоифаси аниқ белгиланади ва ҳаракат чекловлари шу асосда қўлланади.

Катта миқдорда зарарли моддалар чиқарадиган автомашиналарнинг Тошкент, вилоят марказлари ҳамда йирик шаҳарларга кириши чекланади. Мазкур чора шаҳарларда ҳаво сифатини яхшилаш ва соғлом экологик муҳит яратишга қаратилган.

Бир вақтнинг ўзида, бундай транспорт воситаларини янгисига алмаштириш ёки уларга фильтр ўрнатиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари ишлаб чиқилади. Шу мақсадда алоҳида жамғарма ташкил этилади.

Эски автомашинасини алмаштириш ниятида бўлган фуқароларга автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади. Филтр ўрнатиб, чиқиндилар ҳажмини камайтиришга тайёр ҳайдовчилар эса харажатларининг маълум қисми бўйича субсидия олади.

Шу билан бирга, пойтахт ва йирик шаҳарларда жамоат транспортини ривожлантириш устувор вазифа этиб белгиланган. Шаҳар кўчаларида автобус ва таксилар учун махсус йўлаклар сони оширилади, Самарқанд ва Наманган каби шаҳарларда эса транспорт ҳаракатини интеллектуал светофорлар орқали бошқариш тизими жорий этилади.

Teglar

Mavzuga oid

Кўп чиқинди чиқарадиган машиналар Тошкентга киритилмайди | Vaqt.uz