Logo

Кўп газ сотиб олаётган Ўзбекистон — ҳафта дайжести

Bugun 21:0013 daqiqa

Метан «заправка»лар ёпилиши мумкин, Қашқадарёда болалар сув кечиб мактабга боряпти. Четдан телефон олиб кирганда тўланадиган божлар бекор қилиниши мумкинлиги айтилди, ўзи IMEI можароси қандай келиб чиқди? Россияда қочоқ мақомини сўраганлар орасида ўзбекистонликлар кўпчиликни ташкил этди. Мигрантлар кўпроқ пул юборди, аммо Москва янги йилдан улар тўлайдиган солиқларни оширмоқчи. Шу ва бошқа янгиликлар билан Vaqt.uz дайжестида танишинг.

Сиз қаерда яшайсиз? Фарзандларингиз мактабга қандай боради — метрода, автобусда, машинада ёки эшакда? Ҳа, эшак деганимга ҳайрон бўлманг. Ўзбекистонда ҳали ҳам болалар мактабга эшак миниб, лой кўчаларни босиб ёки сув кечиб боришга мажбур бўлаётган ҳудудлар бор.

Тасаввур қилинг: фарзандингизнинг елкасида мактаб сумкаси, олдида эса йўл эмас — сел суви. У билим олиш учун мактабга кетяпти, лекин аввал хавф-хатардан ўтиши керак.

Қашқадарёда болалар сув кечиб мактабга боряпти

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманининг Жингил қишлоғида болалар сел сувидан ўтиб мактабга кетаётгани акс этган видео тарқалди. Маълум бўлишича, сел суви йўлни босиб ўтган, болаларни эса катталар кўтариб, сувдан олиб ўтган. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқовнинг маълум қилишича, масъул ташкилотлар вазиятдан хабардор. Унинг сўзларига кўра, ҳудуд мавсумий сел сувлари оқиб ўтадиган табиий ўзан ҳисобланади.

Масъуллар болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва муаммонинг доимий ечимини топиш устида ишлаётгани айтилмоқда. Аммо аҳолини масъулларнинг вазиятдан хабардорлиги эмас, муаммонинг қачон ва қандай ҳал қилиниши қизиқтиради. Болалар яна неча марта шу сувдан ўтиши керак? Ҳозирча муаммонинг аниқ ечими ва муддати ҳақида маълумот йўқ.

Ишлатилаётган бемор болалар

Болалар билан боғлиқ яна бир ҳолат эса тиббиёт муассасасида кузатилди. Республика болалар тиббий реабилитация марказида бемор болалар деворларни тозалаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, воқеа 2026-йил 11-ноябр куни содир бўлган. Марказнинг хўжалик бекаси эрталаб соат 07:20 да ишга келиб, йўлак деворларида оёқ изларини кўрган. Шундан сўнг из қолдирган болаларни деворларни тозалашга жалб қилган.

Вазирлик ҳолатни ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузилгани ва текширув якунида масъул ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини билдирган. Бироқ ҳозирча қандай чоралар кўрилгани расман эълон қилинмаган.

Бу ерда савол фақат болаларга девор тозалатиш мумкин ёки мумкин эмаслигида эмас. Гап даволаниши керак бўлган болаларга қандай муносабатда бўлинаётганида. Тиббиёт муассасасига соғлиғини тиклаш учун борган бола нега девордаги излар учун жавобгар бўлиши керак?

Эркинжон Турдимов

Эркинжон Турдимов иш бошида экани унинг чиқишлари, баёнотларидан билинади. Янги таълим вазири бу ҳафтада муҳокама марказида бўлди. Албатта, у ҳам юқоридаги ҳолатни кўргани аниқ. Ҳафта бошида Таълим ва илм-фан вазирлигида давлат олийгоҳлари ректорлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда таълим сифати, битирувчилар бандлиги, талабалар турар жойлари, энергия тежамкорлиги, халқаро ҳамкорлик ва кадрлар масалалари муҳокама қилинди.

Вазир мактаблардаги давомат масаласига тўхталган. Унинг айтишича, бугун мактабларда давомат 50 фоизга ҳам етмаяпти. Сирдарё вилоятида ишлаган даврида ички ишлар органлари ёрдамида давоматни 80 фоизга кўтарган. Бироқ айрим ўқувчилар пул топиш учун ишлаши, бошқалари эса мактабга бормасдан репетиторлар ёки ўқув марказларида таълим олиши сабабли кўрсаткични бундан юқорига олиб чиқиш қийин бўлган.

Турдимовнинг фикрича, давоматни яхшилаш учун ўқувчиларни мактабга қайтариш билан бирга, таълим сифатини ҳам ошириш керак. Акс ҳолда, давоматни 100 фоизга етказиш имконсиз. Шунингдек, Тошкентда синовдан ўтказилаётган рақамли кузатув тизимини бутун республикада жорий этиш режалаштирилмоқда. Вазирнинг бу йиғилишидан сўнг тармоқларда беш ректор лавозимидан олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ вазир Эркинжон Турдимов бу маълумотни рад этди.

«Биттасини ҳам ишдан олмадим. Бешта эмас, тўртта ректорни қаттиқ огоҳлантирдим», — деган у журналист Каримберди Тўрамуродга берган интервьюсида.

Вазирликда махсус ишчи гуруҳ тузилгани, ректорларнинг лавозимда қолиши ёки қолмаслиги унинг хулосаси асосида ҳал қилинишини билдирган. Вазирнинг бу гапларидан бир неча кун ўтиб, Тошкент кимё-технология институти ректори Ботир Усмонов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Илҳомжон Тўхтасинов ҳамда Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори Баҳодир Холиқов эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани расмий ОАВларда эълон қилинди.

Маълум бўлишича, Ботир Усмонов 9-ноябр куни ўз хоҳишига кўра ариза ёзиб, лавозимидан озод этилган. Ҳозирда ректор вазифаси Тойир Сафаровга юклатилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Илҳомжон Тўхтасинов ҳам лавозимини тарк этган. Университет расмий сайтида келтирилган ва «Daryo» манбаси тасдиқлаган маълумотга кўра, айни пайтда ректор вазифасини Муҳаммад Чутпўлатов бажариб турибди.

Шу билан бирга, Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори Баҳодир Холиқов ҳам ишдан кетган. Институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Умид Жуманазаров ректор вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган.

Метан «заправка»лар ёпилиши мумкин

Ноябрь келиши билан ҳаво совий бошлади. Агар совуқ кунларда оилангиздаги эркаклар уйга кеч кела бошласа, хавотир олманг — метан «заправка»да навбат кутишaётган бўлиши мумкин. Энергетика вазирлиги совуқ тушиши билан метан «заправка»ларда яна чекловлар жорий этилиши мумкинлигини маълум қилди. Вазирлик маълумотига кўра, совуқ кунларда табиий газ тақсимотида аҳоли хонадонлари, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига устуворлик берилади. Шу сабаб автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари — метан «заправка»лар фаолияти вақтинча чекланиши мумкин. Чекловлар ҳокимликлар билан келишилган жадвал асосида жорий этилиши, ҳайдовчилар эса бу ҳақда олдиндан хабардор қилиниши айтилмоқда.

Бу йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида декабрь ва январь ойларида фойдаланиш учун 120 минг тонна автобензин захирасини яратиш режалаштирилган.

Кўп газ сотиб олаётган Ўзбекистон

Метан «заправка»лардаги эҳтимолий чекловлар фонида яна бир савол туғилади: мамлакатда газ қазиб олиш ва импорт-экспорт кўрсаткичлари қандай ўзгаряпти?

2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистон 1,6 миллиард долларлик газ импорт қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 50 фоиз кўп. Газ экспорти эса 34,5 фоизга камайиб, 357,9 миллион долларни ташкил этган. Айниқса, сентябрь ойида импорт кескин ошган: бир ойда 389,2 миллион долларлик газ сотиб олинган. Августда бу кўрсаткич 206,1 миллион доллар эди.

Хитой ҳам Ўзбекистондан газ харидини камайтирган. Январь-сентябрь ойларида Хитойга газ етказиб бериш қиймати 43,9 фоизга қисқариб, 356,1 миллион долларга тушган. Натижада газ импорти ва экспорти қиймати ўртасидаги салбий фарқ 1 миллиард 247 миллион долларга етган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 524,5 миллион доллар эди. Бунинг фонида мамлакатда табиий газ қазиб олиш ҳам камайган. Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида 27 миллиард куб метр газ қазиб олинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,4 фоиз кам.

IMEI можароси

Четдан телефон олиб кирганда тўланадиган божлар бекор қилиниши мумкин, фақат бу Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш арафасида амалга ошиши кутилмоқда. Агар божлар бекор қилинса, давлат бюджети даромадларини йилига 300–400 миллиард сўмга камайтириши мумкин. Буни Божхона қўмитаси вакили Фарҳод Олимжонов IMEI можаросидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида айтган. Келинг, ўзи нима бўлганини бир бошдан гаплашамиз.

Ҳафта давомида UzIMEI тизими атрофидаги муаммолар кенг муҳокама қилинди. Тармоқларда Тошкент аэропортида хориждан келган йўловчиларнинг телефонлари текширув учун 30 кунгача олиб қолингани, қурилмани бир кунда қайтариб олиш учун эса 400 доллардан 1100 долларгача тўлов талаб қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Божхона қўмитаси назорат кучайтирилишига айрим телефонларда сохта ёки бошқа қурилмаларга тегишли IMEI-кодлардан фойдаланиш ҳолатлари сабаб бўлганини билдирди. Йил бошидан буён Тошкент аэропортида қиймати 8,8 миллиард сўмлик 1185 та телефоннинг ноқонуний олиб кирилишига оид 185 та ҳолат аниқланган.

10-ноябр куни телефонларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш вақтинча тўхтатилди. Бунга текширувлар учун зарур мутахассислар ва техник имкониятлар етишмагани сабаб қилиб кўрсатилди. 11-ноябр куни эса расмийлаштириш қайта тикланиб, вақтинча олиб қолинган телефонларни эгаларига қайтариш бошланди. Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев эса юзага келган уч кунлик ноқулайликлар учун фуқаролардан узр сўради. Хуллас, жамоатчилик норозилигидан сўнг, Божхона ва UzIMEI ходимлари ҳамкорликда Ўзбекистонга кириб келаётган ҳар бир телефонни текшириб, дарҳол эгасига беришни жорий қилди.

Наркотик тарқатган эр-хотин ушланди

Бу ҳафта Тошкент шаҳри ва вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда 2 килограмм опий экстракти, 550 грамм гашиш ва 100 грамм мефедрон мусодара қилинди. ИИВ маълумотига кўра, бунинг натижасида 26 минг 300 доза наркотик модданинг аҳоли орасида тарқатилишининг олди олинган. Жумладан, Сергели туманида наркотик моддаларни «закладка» усулида тарқатган эр-хотин ва уларнинг шериги қўлга олинган. Кейинги текширувларда Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманларидаги хонадонлардан ҳам наркотик моддалар, электрон тарозилар ва уларни қадоқлаш учун ишлатиладиган пакетлар топилган. Тезкор тадбирлар Қибрай туманида ҳам давом эттирилган.

Яна бир тезкор тадбир Тошкентнинг Янгихаёт ва Яшнобод туманлари ҳамда Қўқон шаҳрида ўтказилди. Бу сафар наркотикларни «закладка» усулида тарқатган икки киши Тошкентда, яна уч киши эса Қўқонда қўлга олинган. Қўқонда гумонланувчилар 1 килограмм гашишни харидорга сотаётган вақтида ушланган.

Тадбирлар натижасида жами 1,5 килограмм гашиш ва 24 дона кучли таъсир қилувчи «Регапен» дори воситаси мусодара қилинган. ИИВ маълумотига кўра, мусодара қилинган гашиш 7415 дозага тенг.

Юқорида айтилган барча ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 273-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Россиядаги қочоқ ўзбекистонликлар

Бу хабар сизni ҳайрон қолдириши мумкин, лекин Россияда қочоқ мақомини сўраганлар орасида ўзбекистонликлар иккинчи ўринда. 2026-йилнинг январ-сентябр ойларида 43 нафар Ўзбекистон фуқароси Россияда қочоқ деб тан олинишни сўраб мурожаат қилган. Бу Россия Ички ишлар вазирлиги берган статистик маълумотларда баён этилган. Ҳисобот даврида жами 193 нафар хорижлик Россияда қочоқ мақомини сўраган. Энг кўп мурожаат Украина фуқароларидан келиб тушган — 52 та. Ўзбекистон фуқаролари 43 та мурожаат билан иккинчи, Тожикистон фуқаролари эса 21 та мурожаат билан учинчи ўринда.

2022-йилдан 2026-йилнинг сентябригача бўлган даврда эса жами 1254 нафар хорижлик Россияда қочоқ деб тан олинишни сўраган. Уларнинг 332 нафари Афғонистон, 301 нафари Сурия, 158 нафари Украина ва 69 нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлган.

Россияда мигрантлар кўпайгани сари ҳукумат молиявий талабларни кучайтирмоқда. 2027-йил 1-январдан Россияда айрим тоифадаги хорижлик ишчилар учун белгиланган ойлик даромад солиғи тўлови ошади. Россия президенти Владимир Путин имзолаган қонунга кўра, мигрантнинг қарамоғидаги ҳар бир вояга етмаган фарзанд учун асосий тўловга яна 50 фоиз қўшилади. Масалан, асосий ойлик тўлови 10 минг рубль бўлган мигрант бир фарзанди учун 15 минг, икки фарзанди учун 20 минг, уч фарзанди учун эса 25 минг рубль тўлайди. Бу — мисол тариқасидаги ҳисоб-китоб. Амалдаги тўлов миқдори ҳудуд ва мигрантнинг иш тоифасига қараб фарқ қилиши мумкин.

Янги тартиб фарзандликка олинган ва васийликка олинган болаларга ҳам тегишли. Агар ота-онанинг иккаласи ҳам хорижлик бўлиб, белгиланган ойлик тўловни амалга оширса, қўшимча тўловни ўзаро келишувга кўра улардан бири тўлаши мумкин.

Россия мигрантларнинг даромадини назорат қилишни ҳам кучайтирмоқда. 2026-йил 1-октябрдан Федерал солиқ хизмати хорижликларнинг даромадлари ҳақидаги маълумотларни Ички ишлар вазирлигига ҳар уч, олти, тўққиз ва ўн икки ойлик даврлар бўйича тақдим этмоқда. Бу маълумотлар мигрантнинг қонуний ишлаётгани ва ўзини ҳамда қарамоғидаги оила аъзоларини таъминлаш учун етарли даромадга эга эканини текширишда ишлатилади. Даромад етарли бўлмаган айрим ҳолатларда миграция рухсатномасини бериш рад этилиши ёки аввал берилган рухсатнома бекор қилиниши мумкин. Қонунда истиснолар ҳам назарда тутилган. Янги тартибларнинг асосий қисми 2027-йил 1-январдан кучга киради.

Мигрантлар юбораётган пуллар

Россияда мигрантларга тартиблар кучайишда давом этаётган бир вақтда барча қора кўз меҳнат мигрантлари яшаб қолишга ва оиласини боқишга уринмоқда. 2026-йил январ-сентябр ойларида Ўзбекистонга хориждан 15,17 миллиард доллар пул ўтказилган. Марказий банк маълумотига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,9 фоиз кўп.

Таққослаш учун, 2024-йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакатга 11,3 миллиард доллар, 2025-йилда эса 13,9 миллиард доллар келиб тушган. Шу даврда Ўзбекистондан хорижга юборилган пул миқдори эса деярли ўзгармаган — 1,95 миллиард доллар. Бир йил аввал бу кўрсаткич 1,93 миллиард доллар эди.

Тўланмаган жарималар ва жарима майдончаси

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарликларини расмийлаштириш ва жарималарни ундиришнинг янги тартиби белгиланмоқда. Янги қоидаларга кўра, жаримани 60 кун ичида тўламаган ҳайдовчининг автомобили жарима майдончасига жойлаштирилиши мумкин.

Бироқ ҳайдовчи инспектор тўхтатган пайтда қарздорликни электрон тўлов тизими, мобил илова ёки банк орқали тўлиқ тўласа, автомобиль ушлаб турилмайди.

Яна бир муҳим ўзгариш — инспекторларнинг жаримани жойида нақд ёки бошқа шаклда ундиришига қатъиян йўл қўйилмайди. Маъмурий баённомалар асосан электрон шаклда расмийлаштирилади, ҳайдовчининг шахси эса биометрик тизим орқали аниқланиши мумкин. Жаримани муддатида тўлаганлар учун чегирмалар ҳам сақланади: қарор топширилганидан кейин 15 кун ичида 50 фоизини, 30 кун ичида эса 70 фоизини тўлаш мумкин. Айрим такрорий қоидабузарликлар ва оғир ҳолатларда бу имтиёзлар қўлланмайди.

Бундан ташқари, айрим қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланади. Бир қоидабузарлик учун кўпи билан 2 балл берилади. Бир йил ичида 12 баллдан ортиқ тўплаган ҳайдовчининг иши қўшимча жазо масаласини кўриб чиқиш учун судга юборилади. Янги тартиб 2027-йил январь ойида кучга кириши белгиланган.

Пора олган «замҳоким»

Бу ҳафта пора олганликда гумонланаётган «замҳоким»лар ҳақидаги хабарлар кўп бўлди. Кимдир пул, кимдир телефон билан тушгани айтилди. Улардан бири — Андижон вилоятида. Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари ва кадастр хизмати ходими воситачи орқали 30 минг доллар олаётганда қўлга тушди. ДХХга кўра, улар тадбиркорга 50 сотихли ер участкасини онлайн аукционда арзонлаштирилган нархда ютиб беришни ваъда қилган. Манcабдор шахслар ўзаро тил бириктириб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кирган. Улар туман ҳокимлиги захирасида бўлган 50 сотих майдондаги ер участкасини арзонлаштирилган нархда олиш учун ўтказиладиган онлайн аукционда ғолибликни таъминлаб бериш эвазига 100 минг доллар талаб қилган.

Гумонланувчилар учинчи шахс орқали 30 минг долларни олаётган вақтда қўлга тушган. Гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» ва «г» бандлари (хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда жуда кўп миқдорда фирибгарлик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фарғонада эса ҳоким ёрдамчиси iPhone’ни пора сифатида олаётганда ушланди. Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Бешариқ тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда «Қўрғонча» МФЙ бўйича ҳоким ёрдамчиси Д.Х. фуқаро М.Й.га тижорат банкида ишловчи танишлари орқали 150 миллион сўмлик кредит ажратиб бериши эвазига iPhone 17 Pro Max русумли уяли алоқа воситасини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу ҳафта президент нималар қилди?

Ҳафта бошида давлат раҳбари электротехника саноатидаги тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар билан мулоқот қилди. Сўнгги ўн йилда соҳага 2 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 413 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилгани айтилди. Жорий йилда тармоқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 50 триллион сўмга, экспорт эса 1,6 миллиард долларга етган. Президент ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги технологияларни жорий этиш ва экспортни ошириш бўйича вазифаларни белгилади.

10-ноябр куни Мирзиёев рафиқаси билан Туркиянинг Анталия шаҳрига борди. У ерда 11-ноябрь куни БМТнинг COP31 иқлим саммитида иштирок этди ва Жаҳон етакчилари саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Президент нутқида Ўзбекистон 2035-йилгача зарарли газ чиқиндиларини 50 фоизга камайтириш, яқин тўрт йилда қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказишни мақсад қилганини билдирди. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари учун иқлим хавфлари ҳақида маълумот алмашиш, экологик технологияларни ривожлантириш ва янги молиялаштириш механизмларини яратишни назарда тутувчи Иқлим интеграцияси моделини таклиф қилди.

Саммит доирасида президент халқаро ташкилотлар ва молия институтлари раҳбарлари, шунингдек, бир қатор давлатлар етакчилари билан учрашди. Жумладан, Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга билан музокараларда ҳамкорликдаги лойиҳалар портфели қарийб 16 миллиард долларга етгани қайд этилди. Сув хавфсизлиги, инфратузилмага хусусий инвестициялар ва янги иш ўринлари яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, президент Ўзбекистоннинг келгуси йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислиги даврида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Иқлим саммитида Оролбўйи ҳудудини тиклаш ва экологик муаммоларни ҳал қилиш масалалари ҳам муҳим ўрин тутди.

Ҳафта якунида эса Мирзиёев Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг фаолияти ва қувватларини кенгайтириш режаларини кўриб чиқди. Заводда Евро-5 стандартидаги АИ-92 ва АИ-95 бензини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 328 миллион долларлик лойиҳа таклиф этилган. Яна бир йирик лойиҳа орқали корхонанинг йиллик нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2,1 миллион тоннадан 4,6 миллион тоннагача ошириш режалаштирилмоқда.

Президент дунёнинг энг нуфузли мусулмони бўлди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2027-йил учун тузилган дунёнинг 500 нафар энг нуфузли мусулмони рейтингида 40-ўринни эгаллади. Рўйхат Иорданиядаги Қироллик ислом стратегик тадқиқотлар маркази (RISSC) томонидан тайёрланган «The Muslim 500» нашрида эълон қилинди. Ўзбекистон президенти аввалги йилларда ҳам мазкур рўйхатдан ўрин олган. Бироқ 2024–2026-йилги нашрларда у аниқ ўринлар белгиланмаган 450 нафар кишилик рўйхатда эди. 2027-йилги рейтингда эса илк бор энг нуфузли 50 мусулмон қаторига кирди.

Нашр муаллифлари Ўзбекистон президентининг фаолиятини бир нечта йўналиш бўйича баҳолаган. Хусусан, валюта ислоҳоти, иқтисодиётни эркинлаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, савдо алоқаларини кенгайтириш ва пахтачиликда тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилиши қайд этилган.

Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни яхшилаш, минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Рейтинг бошидан Саудия қироллик вакиллари, Туркия ва Покистон раҳбарлари, Эрон олий раҳбари ҳам жой олган.

Teglar

Feruza Najmiddinova

Feruza NajmiddinovaMaqolalar soni: 21

Barchasi

Mavzuga oid

Кўп газ сотиб олаётган Ўзбекистон — ҳафта дайжести | Vaqt.uz