Ошаётган бюджет харажатлари, ипотека субсидияси, кредитларга фоиз ва пеня ҳамда Ўзбекистоннинг иқтсодий ўсиши — 13-ноябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Осиё 2026-йилда ҳам дунёнинг энг тез ривожланаётган иқтисодий минтақаларидан бири бўлиб қолмоқда. Бироқ ўсиш суръатлари давлатлар кесимида кескин фарқ қилади. Сунъий интеллект ва яримўтказгичлар экспорти Тайван иқтисодиётига кучли туртки бераётган бир вақтда, Марказий Осиё мамлакатларида ўсиш асосан ички талаб, инвестициялар, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳисобига таъминланмоқда.
Осиё тараққиёт банки 2026-йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш прогнозини 6,7 фоиздан 7 фоизга кўтарди. Банк мамлакатдаги иқтисодий фаоллик аввал кутилганидан юқори бўлганини бунинг асосий сабаби сифатида кўрсатган. ОТБнинг баҳолашича, 2027-йилда Ўзбекистон ЯИМи 6,8 фоизга ўсиши мумкин. Бу прогноз июл ойидаги кўрсаткичдан ўзгаришсиз қолдирилган. Инфляция бўйича эса вазият бироз бошқача. Банк 2026-йилги кутилмани 6,5 фоиздан 6,7 фоизга оширган. 2027-йилда истеъмол нархлари ўсиши 5 фоизгача секинлашиши прогноз қилинмоқда. ОТБ минтақавий ҳисоботида электр энергияси ва газ тарифларининг ошиши мамлакатдаги нарх босимига таъсир қилувчи омиллардан бири сифатида кўрсатилган.
Шу тариқа, банк Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш аввалги прогноздан юқорироқ бўлишини кутмоқда, бироқ инфляция бўйича кутилмалар ҳам оширилган.
Ўзбекистонда халқаро компанияларнинг акцияларини сотиб олиш тартиби тасдиқланди
Гап дунёнинг йирик биржаларида сотиладиган таниқли компаниялар қоғозлари ҳақида бормоқда. Ҳар бир қимматли қоғоз аввал ИЛМА реестрига киритилиши шарт. Бунинг учун у листингдаги барча қоғозларининг умумий капиталлашуви камида 1 трлн доллар бўлган хорижий биржада савдо қилиниши ва халқаро идентификация рақамига (ISIN) эга бўлиши керак.
Реестрга киритиш учун брокер ёки банк ариза беради, ИЛМА уни ўн иш куни ичида кўриб чиқади. Қанча ҳажмдаги қоғоз муомалага чиқарилиши эса Марказий банк билан келишилади. Бу эса савдо ҳажмига чеклов қўйилишини англатади.
Суд қароридан сўнг кредитларга фоиз ва пеня ҳисоблаш тўхтатилади
Кредит қарзини ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилгандан сўнг, қарорда кўрсатилган суммага янги фоиз, жарима (неустойка) ёки пеня ҳисоблаш тўхтатилади ҳамда қонунга зид равишда ундирилган маблағлар қарз олувчиларга қайтарилади.
Қарорга мувофиқ, тижорат банкларининг кузатув кенгашлари ва бошқарувлари зиммасига ушбу талабга тўлиқ риоя этилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.
Банкларда ички аудит текширувлари ўтказилади
Белгиланган талабларга асосан, банкларнинг ички аудит хизматлари 2026-йил 10-декабргача махсус текширув ўтказиши лозим. Ушбу жараёнда суд қарори чиқарилган кредитлар бўйича фоиз ва жарима ҳисоблаш тўхтатилганлиги тўлиқ ўрганилади. Аниқланган қоидабузарликлар эса банк кузатув кенгаши ва бошқаруви муҳокамасига киритилади.
Қоидабузарлик аниқланган тақдирда, қонунга зид равишда ҳисобланган фоиз ва жарималар зудлик билан бекор қилиниши ҳамда ундирилган маблағлар қисқа муддатда қарз олувчиларга қайтарилиши шарт.
Шунингдек, банклар бошқарувлари амалга оширилган ишлар ва қайтарилган маблағлар тўғрисидаги батафсил ҳисоботни тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга 2026-йил 25-декабргача Марказий банкка тақдим этиши белгиланди.
Тошкентда автомобилларни эвакуация қилиш қоидалари ўзгаради
24-декабрдан бошлаб Тошкент шаҳрида нотўғри парковка қилинган автомобилларни эвакуация қилиш ва жарима майдончаларида сақлаш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилади.
Янги тартибга кўра, автомобилни эвакуаторга юклаш бошланмасидан олдин унинг эгаси етиб келиб, қоидабузарликни жойида бартараф этса, транспорт воситаси жарима майдончасига олиб кетилмайди. Бироқ эвакуаторга юклаш жараёни бошланган бўлса, автомобил эгаси воқеа жойида ҳозир бўлган тақдирда ҳам эвакуация тўхтатилмайди ва давом эттирилади.
Жарима майдончасида сақлаш учун тўлов миқдори автомобилни эвакуаторга юклаш бошланган вақтдан эътиборан ҳисобланади. Транспорт воситасини қайтариб олиш учун тўловларни электрон шаклда амалга ошириш ҳамда бир иш куни ичида SMS орқали юбориладиган QR-кодли рухсатномани олиш талаб этилади. Электрон тизимда рухсатнома расмийлаштирилмаган ҳолатда автомобил эгасига қайтариб берилмайди.
Маданият ва санъат вакилларига ипотека субсидияси берилади
Ўзбекистонда маданият, санъат ва адабиёт соҳаси вакилларига бирламчи уй-жой бозоридан квартира сотиб олиш учун ипотека субсидияси берилади. Мазкур молиявий кўмак Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириладиган ипотека кредитлари доирасида тақдим этилади. Белгиланган тартибга кўра, талабгорлар ажратилган субсидияни фақат ўзларининг асосий иш жойи жойлашган ҳудудда қурилган янги уйлардан (бирламчи бозор) квартира харид қилишга йўналтиришлари мумкин.
Субсидия олиш учун мурожаатлар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали қабул қилинади. Ариза берувчининг талабларга мувофиқлиги ахборот тизимлари орқали автоматик тарзда баҳоланади.
Янги Тошкентда ер аукционининг бошланғич нархи
Янги Тошкентда 500 миллион доллардан ортиқ лойиҳалар учун ер аукциони 1 доллардан бошланади. Шаҳарнинг 19 минг 720,9 гектар ва Самарқанддаги «Ширин» массивининг 665,15 гектар майдонида йирик шаҳарсозлик лойиҳалари учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилди. Бу ҳудудларда қиймати камида 50 миллион доллар бўлган инвестиция лойиҳалари солиқ, божхона ва қурилиш соҳасидаги алоҳида имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.
Махсус ҳудудлардаги ер участкалари инвесторларга «E-auksion» платформаси орқали ижара ҳуқуқи асосида таклиф этилади. Бунда ернинг ҳар бир квадрат метри учун белгиланган бошланғич нарх амалга ошириладиган инвестиция лойиҳасининг қийматига боғлиқ бўлади. Энг йирик инвестиция лойиҳалари учун ер аукционининг бошланғич нархи 50 миллион долларгача бўлган лойиҳаларникидан 200 баравар паст бўлади.
Аммо бу ер майдонлари инвесторларга автоматик тарзда 1 доллардан берилади, дегани эмас. Бу суммалар аукцион учун белгиланган бошланғич нарх ҳисобланади. Ернинг якуний қиймати эса савдо натижаларига қараб аниқланади.
Шунингдек, инвесторлар ер учун тўловларни қисмларга бўлиб амалга ошириши мумкин. Хусусан, қиймати 50 миллион долларгача бўлган лойиҳаларда дастлабки тўлов 30 фоизни, 250–500 миллион долларлик лойиҳаларда эса 10 фоизни ташкил этади. Қолган маблағни лойиҳа қийматига қараб 4 йилдан 7 йилгача бўлган муддатда фоизсиз тўлаш имконияти берилади.
Ошаётган бюджет харажатлари
Ўзбекистонда 2027-йилги давлат бюджети даромадлари 416 триллион сўм, харажатлари эса 464 триллион сўм бўлиши режалаштирилмоқда. Яъни харажатлар даромадлардан 48 триллион сўмга кўп бўлади. Жорий йил якунида мамлакатимиз иқтисодиёти камида 8 фоизга ўсиши, ялпи ички маҳсулот ҳажми 200 миллиард доллардан, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад эса 5,2 минг доллардан ошиши кутилмоқда. 2030-йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга, келгуси ўн йилда аҳоли жон бошига даромадни 10 минг долларга етказиш мақсад қилинган.
Ҳисоб-китобларга кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажми 2027-йилда 232 миллиард долларга етиши прогноз қилинмоқда. Шу билан бирга, инфляция даражасини 2027-йилда 6 фоизга, 2028–2029-йилларда эса 5 фоизгача пасайтириш, олтинсиз экспорт ҳажмини 2027-йилда қарийб 40 миллиард долларга етказиш назарда тутилмоқда.
Халқаро инвестициявий арбитраж ишидаги ғалаба
2026-йил 26-октябр куни Инвестициявий низоларни ҳал этиш бўйича халқаро марказ (ICSID) арбитраж трибунали Туркия фуқароси Меҳмет Зеки Обуз ва бошқаларнинг Ўзбекистонга қарши қўзғатган халқаро арбитраж иши юзасидан қарор қабул қилди.
Қарорга мувофиқ, даъвогарлар томонидан Ўзбекистонга қарши илгари сурилган барча даъво талаблари рад этилди. Адлия вазирлигининг ёзишича, ушбу инвестициявий низо Ўзбекистон ва Туркия ўртасида 1992-йилда тузилган инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги икки томонлама битим асосида қўзғатилган, 2021-йил июн ойида бошланиб, 5 йил давом этган. Арбитраж трибунали эълон қилган қарор низолашувчи томонлар учун якуний ҳисобланади.
Низо озиқ-овқат саноатидаги корхона фаолияти билан боғлиқ бўлган. Арбитражга уч туркиялик — Меҳмет Зеки Обуз, Севде Йилмаз ва Хюрие Обуз ҳамда тугатилиш жараёнидаги «Obuzlar Gıda» компанияси мурожаат қилган.





