Logo

Кредит ставкалари пасайишда давом этмоқда — Марказий банк

Апрель ойида миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 19,7 фоизгача пасайди, имтиёзли кредитлар эса 10 фоиздан паст даражада сақланмоқда.

Кредит ставкалари пасайишда давом этмоқда — Марказий банк

Ўзбекистонда миллий валютада ажратилган кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари сўнгги ойларда пасайиш тенденциясини сақлаб қолмоқда. Марказий банкнинг 2026 йил апрель ойи учун эълон қилган маълумотларига кўра, миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган номинал фоиз ставкаси 19,7 фоизни ташкил этган.

Апрель ойида жисмоний шахсларга ажратилган кредитларнинг ўртача ставкаси 20,4 фоиз бўлган бўлса, юридик шахслар учун бу кўрсаткич 19,4 фоизни ташкил қилди. Бир йилгача бўлган кредитлар нисбатан қимматлигича қолмоқда: аҳоли учун бундай кредитлар бўйича ўртача ставка 25,6 фоиз, бизнес учун эса 21,1 фоиз бўлган.

Шу билан бирга, тижорат кредитлари бўйича ҳам фоиз ставкалари пасайган. Апрель ойида тижорат кредитларининг ўртача ставкаси 22 фоизни ташкил этди. Жисмоний шахсларга берилган тижорат кредитлари бўйича ставка 21,3 фоизга, юридик шахслар учун эса 22,6 фоизга тенг бўлди.

Имтиёзли кредитлар бўйича ставкалар анча паст даражада сақланмоқда. Ҳисобот даврида уларнинг ўртача фоиз ставкаси 9,3 фоизни ташкил этган. Жисмоний шахсларга ажратилган имтиёзли кредитлар бўйича ўртача ставка 11,1 фоиз, юридик шахслар учун эса 8,9 фоиз бўлган.

Марказий банк маълумотларига кўра, аҳолининг инфляцион кутилмалари апрель ойида 10,6 фоизгача, бизнес субъектларининг инфляцион кутилмалари эса 10,3 фоизгача пасайган. Бу эса кредитлар бўйича реал фоиз ставкалари ижобий ҳудудда сақланиб қолишига хизмат қилмоқда.

Хусусан, миллий валютадаги кредитлар бўйича реал фоиз ставкаси жисмоний шахслар учун 8,8 фоиз, юридик шахслар учун 8,2 фоизни ташкил этган. Тижорат кредитларида ушбу кўрсаткич мос равишда 9,7 ва 11,1 фоизга тенг бўлган.

Чет эл валютасида ажратилган кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси эса 10,2 фоизни ташкил қилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,2 фоиз пунктга юқори.

Teglar

Mavzuga oid

Кредит ставкалари пасайишда давом этмоқда — Марказий банк | Vaqt.uz