«Крокус» теракти иши: 15 нафар судланувчига умрбод қамоқ жазоси сўралди

16.02.2026 | 23:202 daqiqa

Умрбод қамоқ жазоси сўралганлар орасида терактнинг тўрт нафар бевосита ижрочиси дея айтилаётган тўрт нафарТожикистон фуқароси ҳам бор.

«Крокус» теракти иши: 15 нафар судланувчига умрбод қамоқ жазоси сўралди

Россия Бош прокуратураси 2024 йил 22 март куни «Крокус Сити Холл»да содир этилган теракт бўйича айбланаётган 19 нафар шахсдан 15 нафарига умрбод қамоқ жазоси тайинлашни сўради.

Россия Бош прокуратураси 2024 йил 22 март куни Москва областининг Красногор ҳудудидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган теракт бўйича айбланаётган 19 нафар шахсдан 15 нафарига умрбод қамоқ жазоси тайинлашни сўради. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.

Жиноят иши доирасида жами 19 киши судланмоқда. Прокурор томонидан сўралган энг кам жазо муддати 19 йилни ташкил этди. Умрбод қамоқ жазоси сўралганлар орасида терактнинг тўрт нафар бевосита ижрочиси дея айтилаётган — Тожикистон фуқаролари Шамсиддин Фаридуний, Далержон Мирзоев, Муҳаммадсобир Файзов ва Саидакроми Ражабализода бор.

Шунингдек, иш бўйича Шаҳромжон Гадоев, Зубайдулло Исмоилов, Ҳусайн Ҳамидов, Муҳаммад Зоир Шарипзода, Ёқубжони Давлатхон Юсуфзода, Назримад Лутфуллоий, Жумахон Қурбонов, Ҳусен Медов, Жаброил Аушев, Алишер Қосимов, Умеджон ва Мустақим Солиевлар, Исроил Исломов, Диловар ва Аминжон Исломовлар ҳам иштирок этмоқда. Уларнинг аксарияти Тожикистон фуқароларидир.

Тергов версиясига кўра, «Крокус»га ҳужумни ИШИД таркибига кирувчи «Вилояти Хуросон» террорчилик ташкилоти уюштирган. Шу билан бирга, терговчилар ташкилотда хорижий махсус хизматлар иштирок этганини ва ҳужум Украина олий раҳбарияти манфаатларини кўзлаб амалга оширилганини таъкидламоқда. Бироқ теракт ташкилотчилари ҳалигача топилмаган.

Маълумот учун, мазкур теракт оқибатида 146 киши ҳалок бўлган, 550 нафардан ортиқ киши жароҳатланган. Иш бўйича жами икки мингдан ортиқ киши жабрланувчи деб топилган. Қуролланган шахсларнинг концерт залига бостириб кириши ва бинога ўт қўйиши оқибатида «Крокус» биноси бутунлай ёниб кетган.

Teglar

Mavzuga oid