Кумуш нархи илк бор 100 доллардан ошди
Жаҳон бозорларида кумуш нархи тарихий рекорд ўрнатди, бироқ таҳлилчилар бу ўсиш барқарор эмаслиги ҳақида жиддий огоҳлантирмоқда.

Жаҳон бозорида кумуш нархи тарихда илк бор 100 доллардан ошиб, инвесторлар ва саноат иштирокчилари эътиборини тортди. 23 январ куни спот нарх 6 фоизга ўсиб, унцияси учун 102,02 долларга етди, деб хабар берди «Reuters».
2026 йил бошидан буён кумуш нархи 40 фоиздан кўпроқ ўсди. Ўтган 2025 йилда эса ўсиш 147 фоизни ташкил этган эди. Бундай кескин динамикага геосиёсий хавфлар, божхона тўсиқлари бўйича хавотирлар ва Лондон физик бозоридаги ликвидлик танқислиги асосий омил сифатида кўрсатилмоқда.
«Metals Focus» тадқиқот директори Филип Нюманга кўра, кумуш олтинни қўллаб-қувватлаётган омиллардан фойда кўрмоқда. Унинг айтишича, айниқса физик бозорда таклиф чеклангани нархларни юқорида ушлаб турибди.
Геосиёсий фон
«Bloomberg» маълумотларига кўра, кумуш нархининг жадал ўсиши АҚШ ва унинг Европа иттифоқчилари ўртасидаги кескинлик, шунингдек Украинада урушни тўхтатиш бўйича музокараларнинг самарасиз кечаётгани билан боғлиқ. Шу билан бирга, АҚШ Марказий банки — Федерал захира тизими мустақиллигига нисбатан хавотирлар ҳам қўшимча талаб яратмоқда.
Инвесторлар ушбу омилларни хавфсиз активларга, жумладан кумушга сармоя киритиш учун сигнал сифатида қабул қилмоқда. Натижада, бозорга спекулятив капитал ҳам жадал кириб келмоқда.
Огоҳлантирувчи сигналлар
Шу билан бирга, барча экспертлар ҳам оптимистик руҳда эмас. «StoneX» таҳлилчиси Рона О’Коннелл кумуш бозорида «ўз-ўзини қўзғатувчи жазава» бошланганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, геосиёсий хавфлар олтинни мустаҳкамлаётган бўлса, нисбатан арзонлиги сабаб кумуш ҳам оммавий қизиқиш объектига айланган.
«Ҳамма иштирок этгиси келаётгандек туюляпти, лекин бу хавфли сигнал. Илк ёриқлар пайдо бўлиши билан улар катта жарликка айланиши мумкин. Камарларни маҳкам боғланг», — деди у «Reuters»га.
«Bank of America» стратеги Майкл Видмер эса кумушнинг фундаментал жиҳатдан оқланадиган нархини тахминан 60 доллар деб баҳолади. Унинг фикрича, қуёш панеллари ишлаб чиқарувчиларидан талаб 2025 йилда чўққига чиққан, саноат талаби эса юқори нархлар босими остида қолмоқда.





