Кунига 777 млн сўм: 1Fit ва Push30 Ўзбекистонда қанча даромад қилиши маълум бўлди
Ўзбекистонда спорт заллари ва фитнес марказларини ягона платформага бирлаштирувчи хизматлар бозори жадал ўсмоқда. Vaqt.uz 2025-йил якунларига кўра, ушбу сегментдаги 1Fit ва Push30 даромадларини таҳлил қилди.
© Tech.az2025-йил якунига кўра, «1Fit-App» МЧЖ 283,6 млрд сўм даромад олди. Бунда кунлик даромад 777 млн сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда Vaqt.uz’га компаниянинг iHamkor.uz порталидаги ҳисоботидан маълум бўлди.
1Fit Ўзбекистонда 2022-йилнинг ёзидан бери расман ишлаб келмоқда. Компания фаолияти мамлакатдаги спорт заллари ва фитнес марказларини битта илова остида бирлаштиришга қурилган.
2022-йилни 4,2 млрд даромад билан якунлаган компания шундан бери фаол ўсишни қайд этмоқда. 2023-йил даромад 46,2 млрд сўмни, 2024-йил эса 165,1 млрд сўмни ташкил қилди.
1Fit 2024-йилдаги 9 млрд сўмлик зарардан чиқиб, 2025-йилни 34,7 млрд сўм соф фойда билан якунлади.
Компания дастлаб Қозоғистонда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Ўзбекистондан ташқари яна Озарбайжон ва Қирғизистонда ҳам фаолият олиб боради.
1Fit асосчиси Мурат Алихановнинг айтишича, Ўзбекистондаги муваффақият уларга бошқа бозорларга чиқиш учун туртки берган ва шу сабаб Боку танланган.
Push30 ҳам ўсмоқда
Яна бир спорт залларини бирлаштирувчи илова — «Push30» МЧЖ 2025-йилни 23 млрд сўмлик даромад билан якунлади. Бироқ компания йил давомида 296,3 млн сўмлик зарар кўрди.
Зарар кўрсаткичи 2024-йилда 1,1 млрд сўмни ташкил қилди. Компания Ўзбекистон бозорига 1Fit’дан кейинроқ, 2023-йил охирида кириб келди. Зарарга қарамасдан Push30 ҳар йили каррасига ўсиб бормоқда.

Push30’нинг кунлик даромади 1Fit’дан анча камроқ — 63 млн сўм бўлган. Иккала илова биргаликда кунига 840 млн сўмдан ошиқ тушум қилмоқда.
Push30 иловаси 1Fit иловасига ўхшаса-да, бироз фарқ қилади. Бу корпоратив фитнес иловаси бўлиб, 2019-йилда Озарбайжонда ташкил қилинган.
Асосан корпоратив мижозларга йўналтирилган иловадан фойдаланиш учун компания томонидан обуна харид қилиниши талаб этилади. Платформа премиум сегментдаги бир қатор спорт клублари билан ҳамкорлик қилади.
1Fit ва Push30 натижалари спорт заллари бозорида рақамли платформалар улуши тобора ошиб бораётганини кўрсатади.





