add

КХДР ҳакерлари криптовалюта ўғирлашда янги рекорд ўрнатди

Bugun 08:583222 daqiqa

2025 йилда КХДР ҳакерлари криптовалюта ўғирлаш ҳажмини кескин ошириб, бир йил ичида 2 млрд доллардан ортиқ рақамли активларни қўлга киритди.

КХДР ҳакерлари криптовалюта ўғирлашда янги рекорд ўрнатди

2025 йил КХДР учун кибержиноятчилик соҳасида мутлақ рекордлар йили бўлди. КХДР билан боғлиқ ҳакерлар йил бошидан бери жами 2,02 млрд доллардан ортиқ криптовалюта ўғирлаган. Бу ҳақда Yahoo Finance Chainalysis таҳлилларига таяниб хабар берди.

Блокчейн таҳлилчиларига кўра, жорий йилда КХДР ҳакерлари ўғирлаган криптовалюта ҳажми 2024 йилга нисбатан 50 фоизга кўп. Умуман олганда, 2016 йилдан бери Пёнгянг режими ноқонуний равишда 6,75 млрд миқдорида рақамли активларни қўлга киритган. Мутахассислар бу кўрсаткич КХДР бюджети учун энг даромадли «яширин манбалар»дан бирига айланганини таъкидламоқда.

2025 йилдаги ўғирликларнинг катта қисми битта йирик киберҳужум ҳиссасига тўғри келади. Феврал ойи охирида ҳакерлар Bybit криптобиржасини бузиб, 1,5 млрд доллар миқдорида маблағни чиқариб олган. Бу ҳодиса криптоиндустрия тарихидаги энг йирик ўғирлик сифатида қайд этилди. Солиштириш учун, 2025 йил давомида бутун дунё бўйлаб криптовалюта ўғирликларининг умумий ҳажми 3,4 млрд долларни ташкил этган.

АҚШ ва БМТ расмийлари 2019 йилдан буён КХДР ҳакерлари томонидан ўғирланган маблағлар мамлакатнинг ядровий ва ракета дастурларини молиялаштиришга йўналтирилаётганини таъкидлаб келади. Бу эса криптовалютани халқаро санкцияларни айланиб ўтишнинг асосий воситаларидан бирига айлантирган.

Chainalysis эксперти Эндрю Фирманнинг айтишича, криптовалюта КХДР каби ёпиқ давлат учун ўта қулай: у 24/7 глобал молиявий кириш имконини беради ва жисмоний савдо ёки банк инфратузилмасини талаб қилмайди. Шу боис, Ким Чен Ин режими киберхужумлар орқали даромад топишни стратегик йўналишга айлантирган.

Мутахассислар фикрича, криптовалюталар қийматининг ўсиши ва уларга бўлган қизиқиш сақланиб қолар экан, КХДРдан келаётган киберхавфлар ҳам камайиши қийин.

Teglar

Mavzuga oid