
Лавров Россия ва Марказий Осиё муносабатларидаги «5+1» формати ҳақида
Россия ТИВ раҳбари Россия Марказий Осиёга етарлича эътибор қаратмаяпти, деган фикрга қўшилмаслигини таъкидлади.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Марказий Осиё билан «ўзаро яқинроқ муносабатларни» ривожлантириш режалари ҳақидаги саволга жавоб берди. Бу ҳақда Nur.kz Россиянинг Қозоғистондаги элчихонасига таяниб, хабар берди.
Элчихона Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг ўтган йил якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманидан парча эълон қилди. Хусусан, журналист ташқи сиёсат идораси Марказий Осиё давлатлари билан «илиқроқ ва яқинроқ муносабатларни ривожлантиришни» режалаштиряптими ёки йўқми, деб аниқлик киритди.
«5+1» шаклидаги механизм
Вазирнинг қайд этишича, Россия аввалига МДҲ, КХШТ, ШҲТ ва ЕОИИ каби мавжуд тузилмалар ҳамкорлик учун етарли деб ҳисоблаган. Бироқ, вақт ўтиши билан «5+1» шаклидаги алоҳида мулоқот механизмини яратиш зарур деган қарорга келган.
«Биз маълум вақтгача, модомки марказий осиёлик дўстларимиз билан МДҲ, КХШТ, ШҲТ доирасида, уларнинг бир қисми билан эса ЕОИИ доирасида ҳамкорлик қилаётган эканмиз, эҳтимол, бундай расмий «5+1» тузилмасини яратиш шарт эмасдир, деган фикрга келган эдик. Бироқ бир неча йил олдин бу зарур деган қарорга келдик. Ўтган йилнинг кузида «Россия+Марказий Осиё» иккинчи саммити бўлиб ўтди», - деган Лавров журналистнинг тегишли саволига жавобан.
«Марказий Осиёга кам эътибор қаратяпмиз»
Лавровга «Россия Марказий Осиёга етарлича эътибор қаратмаяптими?» қабилидаги савол ҳам берилди.
«Ҳамкорлигимизнинг барча соҳаларини қамраб олувчи қўшма ҳаракатлар режаси, кенг қамровли ҳужжат тасдиқланди. Шунинг учун мен Марказий Осиёга кам эътибор қаратяпмиз, деб айтмаган бўлардим. Асло ундай эмас. Агар сизда шундай таассурот уйғонган бўлса, бундай ҳиссиёт нимага асосланганини тушунтириб, бизга айтиб берсангиз ёки бирор қоғоз (маълумотнома) юборсангиз, миннатдор бўлардим», - деб жавоб берди Лавров.





