
Лотерея ўрнига малака: АҚШ ишчи визасини бериш тартибини ўзгартирмоқда
АҚШ маъмурияти H-1B ишчи визаларини беришда тасодифий лотерея тизимидан воз кечиб, асосий эътиборни номзодларнинг профессионал маҳорати ва таклиф этилаётган иш ҳақи миқдорига қаратишни режалаштирмоқда.

АҚШ маъмурияти H-1B тоифасидаги ишчи визалари учун номзодларни саралаш тартибига жиддий ўзгартиришлар киритишни режалаштирмоқда. Янги тартибга кўра, асосий устуворлик — юқори малакага эга ва энг кўп маош таклиф этилаётган мутахассисларга берилади. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.
Нашрининг маълум қилишича, мазкур янги қоидалар 2026 йилнинг феврал ойидан эътиборан амалиётга жорий этилиши кутилмоқда.
АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизматига кўра, кўплаб Америка компаниялари амалдаги лотерея тизимидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб келган. Улар маҳаллий мутахассисларга қараганда анча паст иш ҳақи эвазига хорижлик ходимларни ёллаш орқали тизимни суиистеъмол қилган.
Қайд этилишича, янги ислоҳот тасодифий танлов (лотерея) тамойилидан воз кечиб, асосий эътиборни номзоднинг профессионал малакаси ҳамда меҳнатига тўланадиган ҳақ миқдорига қаратишни кўзда тутади.
Financial Times нашрининг ёзишича, бу ўзгаришлар президент Доналд Трамп давридаги миграция сиёсатини қатъийлаштириш йўлидаги навбатдаги босқичдир.
Президент Трамп жорий йилнинг сентабр ойида H-1B дастурини ислоҳ қилиш ҳақидаги фармонни имзолаган эди. Унга кўра, ушбу виза билан АҚШга кириш учун 100 000 доллар миқдорида махсус йиғим ундирилиши белгиланган.
Маълумот учун: H-1B - америкалик иш берувчиларга ахборот технологиялари, муҳандислик, математика ва тиббиёт соҳаларида хорижий мутахассисларни ёллаш имконини берувчи ноиммиграцион виза ҳисобланади. Ҳозирги вақтда АҚШда ушбу виза билан 730 мингдан ортиқ мутахассис ва уларнинг 550 мингга яқин оила аъзолари қонуний истиқомат қилиб келмоқда.





