
M чечак вирусининг янги 1b варианти Африкадан ташқарига тарқалди — ЖССТ
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотича, M чечак вирусининг хавфли 1b штамми Италия, Малайзия, Нидерландия, Португалия, Испания ва АҚШда аниқланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг маълум қилишича, сўнгги ойларда бир қатор мамлакатларда M чечак вирусининг янги — 1b штаммига оид ҳолатлар қайд этилган. Улар орасида Италия, Малайзия, Нидерландия, Португалия, Испания ва АҚШ каби давлатлар бор. Энг ташвишлиси, вирус бу мамлакатларда яқинда саёҳат қилмаган фуқароларда ҳам аниқланган.
ЖССТнинг сўнгги ҳисоботига кўра, вируснинг барча турлари ҳали ҳам айланмоқда ва уни тезда назоратга олиш зарур. Ташкилот «агар эпидемия тезлик билан чекланмаса, вирус тарқалиши давом этади», дея огоҳлантирмоқда. Ҳисоботда таъкидланишича, 1b штамми Африка ҳудудидан ташқарида ҳам кенгаймоқда.
2025 йил сентябр ойи ҳолатига кўра, жами 42 мамлакатда 3135 та тасдиқланган ҳолат ва 12 та ўлим қайд этилган. Улардан 80 фоизидан кўпроғи Африка минтақаси ҳиссасига тўғри келади. Охирги олти ҳафта ичида вирус 17 та Африка давлатида аниқланган бўлиб, 2862 нафар бемор касалликни юқтирган, 17 киши вафот этган.
Мутахассисларнинг маълумотига кўра, M чечак вирусининг икки асосий генетик тури мавжуд: I ва II штаммлари. Биринчи тур (klad I) асосан Марказий ва Шарқий Африкада учрайди ҳамда оғир ҳолатларга сабаб бўлади. Иккинчи тур (klad II) эса нисбатан енгил кечади ва 2022 йилдаги эпидемияга сабаб бўлган.
Ҳозирги вақтда кузатилаётган 1b штамми янги ва хавфлироқ вирус ҳисобланади. У айниқса Конго Демократик Республикасининг шарқий ҳудудларида ва қўшни давлатларда фаол тарқалмоқда. Марказий Африка мамлакатларида 1a ва 1b турлари биргаликда аниқланса, Шарқий Африкада асосан 1b ҳолатлари қайд этилмоқда.





