Logo

Мажбурий маркировкалаш тизими ўсимлик ёғига ҳам татбиқ этилиши мумкин

Bugun 08:302 daqiqa

Ўзбекистонда ҳозирда спиртли ва яхна ичимликлар, дори-дармон, маиший техника ҳамда тамаки маркировка қилинади.

Мажбурий маркировкалаш тизими ўсимлик ёғига ҳам татбиқ этилиши мумкин © CRPT TURON

Ўзбекистонда ўсимлик ёғини мажбурий рақамли маркировкалашни 2027-йил 1-июлдан жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳасида сўз боради. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилган бўлиб, таклифлар 24-октябрга қадар қабул қилинади.

Лойиҳани Солиқ қўмитаси тайёрлаган. Унда янги талаб ноқонуний импорт, ишлаб чиқариш ва савдо ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, маҳсулот ҳаракатини рақамли кузатиш зарурати билан изоҳланган.

Маркировка маҳсулотнинг ташқи ёки ички истеъмол қадоғига тушириладиган штрих-кодли стикер орқали амалга оширилади. Ишлаб чиқарувчилар, импортчилар, улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари «Асл белгиси» миллий ахборот тизимига уланиши шарт бўлади. Тизим оператори — «CRPT Turon» компанияси.

Савдо иштирокчиларига талаблар

Қарор лойиҳасига кўра, тизим маҳсулотнинг муомалага киритилиши, савдо жараёнидаги ҳаракати ва муомаладан чиқарилишини кузатиш имконини бериши керак.

Мажбурий маркировкаланиши лозим бўлган ўсимлик ёғини кодсиз сотиш савдо қоидаларини бузиш деб баҳоланади. Бундай ҳолатлар учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик қўлланиши мумкин.

Лойиҳа маъқулланса, «CRPT Turon» Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2027-йил 1-январга қадар тизимда рўйхатдан ўтган ва шартнома тузган ишлаб чиқарувчилар ҳамда импортчиларга масофадан бошқариладиган буюртма станцияларини етказиб бериши керак.

Шунингдек, 2027-йил 1-январдан маркировка кодларини агрегация қилишни бошлаш таклиф этилмоқда. Бу алоҳида товарлар ёки қути кодларини ягона транспорт қадоғи кодига бирлаштиришни англатади. Талабларга риоя этилишини солиқ органлари назорат қилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда рақамли маркировкалаш тизими 2020-йилдан тамаки ва спиртли ичимликлар учун жорий этила бошланган. Кейинчалик у дори-дармон, маиший техника ва яхна ичимликларга ҳам татбиқ этилди.

Teglar

Mavzuga oid

Мажбурий маркировкалаш тизими ўсимлик ёғига ҳам татбиқ этилиши мумкин | Vaqt.uz