Марказий банк хорижий облигатсиялар ҳажмини 1,5 млрд доллардан 2,8 млрд долларга оширди
Май ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 307 млн долларга қисқариб, 7,5 млрд долларни ташкил этди. Захиралар ҳажмидаги қисқаришга халқаро бозорларда олтин нархининг арзонлашгани сабаб бўлган.
© vecteezy.comЎзбекистоннинг халқаро захира активлари 2026-йил май ойи якунларига кўра 70,58 млрд долларга тенг бўлди.
Марказий банк маълумотларига кўра, бу кўрсаткич апрель ойига нисбатан 307,2 млн доллар ёки 0,44 фоизга камайган.
Захираларнинг асосий қисми бўлган олтин активлари қиймати ҳам бироз пасайди. Май ойи давомида олтин захирасининг қиймати 156 млн долларга камайиб, 61,43 млрд долларга тушди. Шу билан бирга, физик ҳажм ўсишда давом этиб, 13,6 млн трой унсия ёки 423 тоннага етди.
Олтин нархи босими
Олтин қийматининг пасайишига жаҳон бозорларидаги нархлар динамикаси таъсир қилди. Май ойида қимматбаҳо металл котировкалари 3,3 фоизга арзонлашди. Ой бошида бир трой унсия учун қарийб 4700 доллар атрофида бўлган нарх ой ўртасида 4550 долларгача тушди.
Ойнинг сўнгги ҳафтасида эса олтин баҳоси март ойидан бери биринчи марта 4500 долларлик чегарадан пастга тушди. Бу ҳолат Ўзбекистон захираларидаги олтин ҳажми ошганига қарамай, унинг умумий қиймати қисқаришига олиб келди.
Хорижий валютаги захира активлар ҳам май ойида 150 млн долларга қисқариб, 8,57 млрд долларни ташкил қилди. Айниқса, бошқа банкларда сақланаётган нақд валюта ва депозитлар ҳажми 20 фоизга камайиб, 5,72 млрд долларга тушди.
Облигатсияларга эътибор
Шу билан бирга, Марказий банк захиралар таркибини диверсификатсия қилишни давом эттирмоқда. Май ойи охирига келиб хорижий қимматли қоғозлар портфели 84 фоизга ўсиб, 2,85 млрд долларга етди. Натижада уларнинг умумий захиралардаги улуши 4 фоизни ташкил қилди.
Бу Марказий банкнинг сўнгги вақтлардаги энг йирик инвеститсия ҳаракатларидан бири ҳисобланади. Бундан аввал регулятор 2025-йил ноябрь ойида тахминан 500 млн долларлик АҚШ ғазначилик облигатсияларини харид қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, апрел ойида ҳам умумий халқаро захиралар ҳажми 8,09 млрд долларга ёки тахминан 10 фоизга камайиб, 68,99 млрд долларни ташкил этган.


