Logo

Марказий банк 1 миллион сўмлик банкнот чиқарилгани ҳақидаги хабарларни рад этди

Bugun 22:061 daqiqa

«Марказий банк тўғрисида»ги қонунининг 39-моддасига асосан Ўзбекистонда пул белгиларининг номинал қиймати регулятор томонидан белгиланади.

Марказий банк 1 миллион сўмлик банкнот чиқарилгани ҳақидаги хабарларни рад этди © Ijtimoiy tarmoqlar

Ижтимоий тармоқларда Ўзвекистонда 1 млн сўмлик банкнота муомалага чиқарилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур хабарлар юзасидан Марказий банк муносабат билдирди.

Унга кўра, 1 млн сўмлик банкнота чиқарилгани ҳақидаги хабарлар асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди.

«Барча расмий маълумотлар учун Марказий банкнинг расмий саҳифаларини кузатиб боришингизни сўраймиз», - дейилади хабарда.


Ижтимоий тармоқларда бунга қадар ҳам йирик номиналдаги янги пуллар чиқарилиши ҳақида фейк хабарлар тарқатилган. Хусусан, 2024 йилнинг февралида 400 минг сўмлик, жорий йилнинг апрель ойида эса 500 минг сўмлик банкноталар муомалага киритилиши ҳақидаги ёлғон маълумотлар Марказий банк томонидан рад этилган эди.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, мамлакат ҳудудида янги намунадаги пул белгиларини муомалага чиқариш ҳамда уларнинг номинал қийматини белгилаш мутлақ Марказий банк ваколатига киради ва бу ҳақдаги расмий ахборот регулятор томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда 100 сўмдан 1000 сўмгача бўлган тангалар ҳамда 1000 сўмдан 200 000 сўмгача бўлган номиналдаги қоғоз банкноталар қонуний тўлов воситаси сифатида амал қилмоқда. Эски ва 2021–2022 йилларда чиқарилган янги дизайндаги пуллар параллел равишда ишлатилаётган бўлиб, 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, муомаладаги нақд пуллар таркибида энг катта улушни 100 минг сўмлик (36,4 фоиз) ва 200 минг сўмлик (28,5 фоиз) банкноталар эгаллаган.

Teglar

Mavzuga oid