Logo

Марказий банк биринчи исломий молия стандарти — «Муробаҳа»ни жорий этишни таклиф қилмоқда

Bugun 21:192 daqiqa

Ушбу тизимда комиссиялар бекор қилинади, кечиккан тўловлар учун жарималар хайрияга йўналтирилади.

Марказий банк биринчи исломий молия стандарти — «Муробаҳа»ни жорий этишни таклиф қилмоқда © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистон Марказий банки мамлакатда биринчи исломий молия стандарти — «Муробаҳа»ни тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Ушбу ҳужжат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи молия муассасалари томонидан муробаҳа операциясини ташкил этиш тартиби ва қатъий қоидаларини белгилаб беради. Лойиҳа муҳокамаси жорий йилнинг 1 ноябрига қадар давом этади.

Муробаҳа — бу молия муассасаси томонидан товарнинг бошланғич қиймати ва унга қўшилган устама (фойда) миқдорини мижозга олдиндан маълум қилган ҳолда, уни насияга сотиш орқали молиялаштириш амалиётидир.

Ишлаб чиқилган стандартга кўра, молия муассасаси товарни ўз мулкига олмасдан туриб, уни муробаҳа асосида сотиши тақиқланади. Товарнинг мулк ҳуқуқи мижозга ўтгунга қадар у билан боғлиқ барча йўқотиш хавфи ва таваккалчиликлар банк зиммасида бўлади. Товар нархи ва банкнинг устамаси шартнома тузилаётган вақтда аниқ белгиланиши, келажакда ноаниқ кўрсаткич ёки индексларга боғланмаслиги шарт.

Шунингдек, ҳужжатда қуйидаги чеклов ва қоидалар белгиланган:

— «Ийна савдоси» тақиқланади: Мижоз ўзига тегишли товарни банкка сотиб, сўнг уни бошқа нархда насияга қайта сотиб ололмайди.

— Чекланган товарлар: Олтин, кумуш ёки валюталар савдоси бўйича насияга асосланган муробаҳа шартномасини тузиш мумкин эмас.

— Комиссиялар бекор қилинади: Банк молиялаштириш мажбуриятини олгани учун мижоздан қўшимча комиссия, йиғим ёки бошқа тўловларни ундиришга ҳақли эмас.

— Жарималар хайрияга йўналтирилади: Агар мижоз тўловни кечиктирса ва шартномада жарима (неустойка) ундирилиши кўзда тутилган бўлса, бу маблағлар банк даромадига ўтказилмайди, аксинча, тўлиқ ҳажмда хайрия мақсадларига йўналтирилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, банк товарни сотиб олишда чегирмага эга бўлса, бу чегирма мижозга ҳам тақдим этилиши ва товарнинг сотув нархи шунга мутаносиб равишда камайтирилиши лозим. Агар мижоз тўлов мажбуриятларини муддатидан олдин бажарса, банк ўз ихтиёрига кўра адолат юзасидан тўлов суммасининг бир қисмидан мижоз фойдасига воз кечиши мумкинлиги кўрсатилган.

Teglar

Mavzuga oid