add

Марказий Осиёда музликларни эришдан сақлаш учун 250 миллион доллар ажратилади

29.10.2025 | 16:252822

«Green Climate Fund» ва Осиё тараққиёт банки Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Покистондаги тоғли ҳудудларда сув ва қишлоқ хўжалиги тизимларини яхшилаш учун 250 млн доллар ажратди. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон ҳам иштирок этади.

Марказий Осиёда музликларни эришдан сақлаш учун 250 миллион доллар ажратилади

«Green Climate Fund» Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Покистонда амалга ошириладиган «Музликлардан фермерларгача» дастури учун 250 миллион доллар грант ажратди. Лойиҳа Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан ҳамкорликда амалга оширилади. Банк бу ташаббус учун қўшимча равишда 3,25 миллиард доллар маблағ йўналтиради.

Дастурнинг асосий мақсади — тез эриётган музликлар таъсирида сув танқислиги ва иқлим ўзгаришига мослашишда қишлоқ хўжалигига ёрдам бериш. Лойиҳа доирасида сувни тежайдиган ирригация тизимларини жорий этиш, янги сув омборлари қуриш ва сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш режалаштирилган.

Осиё тараққиёт банкининг қишлоқ хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича директори Ясмин Сиддиқи таъкидлашича, «Музликлар тез эриши — минтақа учун энг катта хавфлардан бири. Бизга амалий ва илмий асосланган ечимлар керак. Ушбу дастур халқлар ҳаёти ва иқтисодий барқарорлиги учун узоқ муддатли таъсир кўрсатади», — деди у.

Дастур Арманистон, Озарбойжон, Гуржистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни қамраб олади. У Норин, Пянж, Кура ва Сват дарё ҳавзаларини ўз ичига олади ва 13 миллионга яқин одамнинг турмуш сифатига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

Шунингдек, лойиҳа доирасида иқлим ва музликлар ҳолатини баҳолаш, хавфсизлик мониторинги, эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш ҳамда сув етишмовчилиги ва иссиқлик стрессидан жабр кўраётган аҳоли учун ижтимоий ҳимоя ва тиббий ёрдам дастурларини кенгайтириш режалаштирилган. ОТБ ва «Green Climate Fund» бу дастур орқали минтақа давлатларига сув ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда стратегик ёрдам бермоқчи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ОТБ Ўзбекистон иқтисодиёти 2024 йилда 6,6 фоизга ўсиши мумкинлиги ҳақида маълумот берган эди.

Теглар

Мавзуга оид