МБ асосий ставкаси: иқтисодчилар эртанги қарор ҳақида нима дейди?

Bugun 20:243 daqiqa

Марказий банк 18 март куни, яъни эртага асосий ставкани эълон қилади. Vaqt.uz иқтисодчиларнинг ушбу масала юзасидан билдирган мулоҳазаларини жамлади.

МБ асосий ставкаси: иқтисодчилар эртанги қарор ҳақида нима дейди?

Марказий банк эртага, 18 март куни асосий ставка бўйича навбатдаги қарорини эълон қилади. Охирги марта 28 январда инфляция пасайишда давом этаётган бўлса ҳам, талабнинг юқорилиги билан боғлиқ хизматлар инфляцияси ҳамон юқорилигича қолаётгани эҳтимоли инобатга олиниб, асосий ставка 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилган эди.

«Катта эҳтимол билан ставка ўзгаришсиз қолади»

11

Иқтисодчи Миркомил Холбоевга кўра, бу галги қарор Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият фонида қабул қилинади. Унинг таъкидлашича, февраль ойида асосий ставка ва умумий инфляция ўртасидаги ижобий фарқ 6,7 фоизни ташкил этган, бу январга нисбатан 0,1 фоиз бандга камайган бўлса-да, декабрь даражаси сақланиб қолган. Шунингдек, январда базавий инфляция билан асосий ставка ўртасидаги фарқ 8,2 фоиз бўлган.

«Сўнгги ойларда фарқ бироз қисқарган бўлса-да, монетар шароитлар нисбатан қаттиқлигича қолмоқда», — дейди у.

Холбоевнинг қайд этишича, инфляцион кутилмалар билан ставка ўртасидаги фарқ 2,5 фоиздан 2,8 фоизгача ошган. Бу эса монетар шароитлар янада қаттиқлашаётганини англатади. Шу билан бирга, базавий инфляция Марказий банкнинг ўрта муддатли мақсадига яқинлашмоқда: 6 ойлик йилликлаштирилган кўрсаткич 5,7 фоизни ташкил этган.

«Альтернатив инфляция кўрсаткичлари келаси йил бошидан инфляция таргетга жуда яқин келиши мумкинлигини кўрсатмоқда», — дея таъкидлайди иқтисодчи.

нинг фикрича, бу ҳолат асосий ставкани пасайтириш учун замин яратса-да, бир қатор омиллар буни чекламоқда. Жумладан, иқтисодиёт потенциалидан юқори ўсмоқда: январда саноат 7,8 фоизга, чакана савдо 14,7 фоизга ошган. Бу эса талаб омиллари сақланиб қолаётганини англатади.

Шунингдек, инфляцион кутилмалар ҳали барқарор эмас. Улар умумий инфляциядан 4 фоиз бандга юқори бўлиб қолмоқда ва ставкани пасайтириш бу кутилмаларни ёмонлаштириши мумкин.

Яқин Шарқдаги вазият ҳам муҳим омил сифатида қайд этилмоқда. «Ҳозир давлатлар очиқ уруш ҳолатида. Бу нефть нархининг ошиши ва таъминот занжирларида узилишларга олиб келмоқда», — дейди Холбоев.

Унинг баҳолашича, уруш давом этса, глобал иқтисодий ўсиш 0,3–0,4 фоиз бандга секинлашиши, инфляция эса 0,6 фоиз бандгача тезлашиши мумкин.

Шу билан бирга, Эроннинг транзит аҳамияти орқали импорт инфляциясига таъсир эҳтимоли ҳам таъкидланади. Олтинг нархининг юқори бўлиши эса маълум даражада валюта канали орқали босимни юмшатиши мумкин

«Агар Яқин Шарқда уруш бўлмаганида ставка пасайиши мумкин эди. Лекин ҳозирги шароитда катта эҳтимол билан ставка ўзгаришсиз қолади», — дейди у.

«Ҳозирча пул-кредит сиёсатини юмшатиш эҳтимоли паст»

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам Vaqt.uz'га ставка пасайишини кутмаётганини билдирди.

«Тушишини кутмаяпман. Қатор ташқи ноаниқликлар — Эрондаги уруш, логистика муаммолари, нефть нархи — кучайган. Яқин ойларда энергетик тарифлар ошиши ҳам кутилмоқда. Бундай шароитда пул-кредит сиёсати юмшатилиши эҳтимоли паст», — дейди у.

Унинг фикрича, ҳозирча кузатиш позициясини сақлаш муҳим.

«Йил давомида ташқи ноаниқликларга иқтисодиёт қандай мослашишига қараб, ставка пасайиш фазасига ўтиш мумкин. Лекин ҳозир эмас», — дея хулоса қилди Бакиров.

Маълумот учун, асосий ставка охирги марта 2025 йил 20 март куни 0,5 фоиз бандга оширилган. Шундан буён ставкада ҳеч қандай ўзгариш кузатилмади.

Teglar

Mavzuga oid