Logo

Меҳмонхона қуриш ва жиҳозлаш учун 50 миллион доллар ажратилади

Bugun 18:002 daqiqa

Шунингдек, тадбиркорларга 10 йил муддатга миллий валютада 16 фоизли кредит берилади.

Меҳмонхона қуриш ва жиҳозлаш учун 50 миллион доллар ажратилади

Ўзбекистонда туризм бизнесига янги имтиёзлар берилади. Бу ҳақда  Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев бошчилигида Хоразмда ўтказилаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда маълум қилинди.

Таъкидланишича, йил бошидан бери Ўзбекистонга 8 миллион нафар хорижлик сайёҳ ташриф буюрган. Уларнинг мамлакатда ўртача қолиш муддати 8 кунгача узайган.

Президент Шавкат Мирзиёев туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли даромадларида янада кўпроқ сезилиши лозимлигини таъкидлади. Шу мақсадда соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун янги молиявий ва солиқ енгилликлари жорий этилади.

Жумладан, меҳмонхона қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун 50 миллион долларлик ресурс ажратилади. Тадбиркорларга ушбу маблағлар ҳисобидан 10 йил муддатга миллий валютада йиллик 16 фоизли кредитлар берилади.

Субсидия ва солиқ имтиёзлари

Уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхона қуриш учун субсидия бериш муддати яна икки йилга узайтирилади. Шу билан бирга, субсидия олиш учун меҳмонхона тоифасини тасдиқлашда хорижий компания хулосасини талаб қилиш амалиёти бекор қилинади.

Меҳмонхоналар учун ер ва мол-мулк солиғини 10 баробар камайтирилган ставкада тўлаш имтиёзи 2030 йилгача амал қилади.

50 тадан ортиқ жойлаштириш ўрнига эга меҳмонхоналарга нақд валюта қабул қиладиган банкоматлар банкларнинг ўзи томонидан ўрнатилади.

Шунингдек, туроператорларнинг хорижлик сайёҳларга кўрсатган хизматлари экспортга тенглаштирилади ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.

Туризм инфратузилмасини ривожлантириш доирасида туристик автобус, электробус ва микроавтобусларни олиб келишдаги божхона имтиёзи яна бир йилга узайтирилади.

Бундай транспорт воситалари учун утилизация йиғими ҳам ундирилмайди. Бу туристик ташувчиларнинг транспорт паркларини янгилаши ва замонавий транспорт воситаларини харид қилиш харажатларини камайтириши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid